Битта чумоли 220 доллар: Кенияда чумоли контрабандаси авж олмоқда (+видео)
Тайван мухолифати раҳбари Си Цзиньпин таклифи билан Хитойга сафарга тайёрланар экан, Суданда RSF иштирокидаги ҳужумлар янги қурбонларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, Биньямин Нетаньяху Ливан жанубидаги ҳарбий амалиётларни кенгайтиришни буюрди. АҚШда Bank of America Эпштейн иши бўйича йирик компенсация тўлашга рози бўлса, Кавказда Рамзан Қодиров табиий офатлар сабаб фавқулодда ҳолат жорий қилди. Африкада ноқонуний чумоли савдоси хавотир уйғотмоқда, Шимолий Корея эса янги ракета двигатели синови билан ҳарбий салоҳиятини намойиш этмоқда.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/ARZ9tbCmf6Q?si=uLZndjB3TJwTpAHw" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тайвань мухолифати раҳбари Хитойга боради
Тайвандаги энг йирик мухолифат кучларидан бири - Гоминьдан раҳбари апрель ойида Хитойга ташриф буюради. Сафар Си Цзиньпин таклифига биноан амалга оширилиб, 7–12 апрель кунлари Пекин, Шанхай ҳамда Цзянсуни қамраб олади. Партия баёнотида ташриф икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилган. Бу жараён Тайванда мудофаа харажатларини ошириш масаласи муҳокама қилинаётган даврга тўғри келмоқда.
Суданда қуролли ҳужум оқибатида 14 киши ҳалок бўлди
Судандаги тўқнашувлар давом этмоқда. RSF ва уларнинг иттифоқчилари Жанубий Кордофан ҳудудидаги Диллинг шаҳрида аҳоли яшаш жойларини ўққа тутди. Оқибатда камида 14 киши, жумладан болалар ва аёллар ҳалок бўлди, яна 23 киши яраланди. Мутахассислар вазиятни Дарфурдаги олдинги қонли воқеалар билан таққосламоқда.
Нетаньяху Ливан жанубидаги амалиётларни кенгайтиришни буюрди
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат армиясига Ливан жанубидаги ҳарбий ҳаракатларни кенгайтиришни топширди. У “Ғазо модели”ни қўллаш орқали хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш ниятида эканини билдирган. Ҳозирда қўшинлар Литани дарёси томон силжиб бормоқда. Тўқнашувлар кескинлашиб, минглаб одамлар ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.
Америка банки Эпштейн қурбонларига 72,5 млн доллар тўлайди
Bank of America молиячи Джеффри Эпштейн иши бўйича даъвогарлар билан келишувга эришди. Банк 72,5 миллион доллар компенсация тўлашга рози бўлган. Даъво банк Эпштейннинг шубҳали операцияларига етарлича эътибор бермагани билан боғлиқ. Шу орқали ишни судгача якунлаш мақсад қилинган.
Қодиров Чеченистонда фавқулодда ҳолат эълон қилди
Рамзан Қодиров кучли ёғингарчиликлар сабаб Чеченистонда фавқулодда ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Шали ва Гудермес туманларида минглаб уйлар сув остида қолган. Юзлаб аҳоли эвакуация қилинган, кўплаб кўприк ва инфратузилма объектлари зарар кўрган.
Кенияда ноқонуний чумоли савдоси авж олмоқда
Кенияда ноёб чумоли турларининг ноқонуний савдоси кучайган. Рифт водийсида жойлашган Гилгил шаҳарчаси бу бозор марказига айланган. Интернетда она чумолилар 220 долларгача сотилмоқда. Мутахассислар бу ҳолат биохилмахилликка ва қишлоқ хўжалигига жиддий хавф туғдиришини таъкидламоқда.
Шимолий Корея янги ракета двигателини синовдан ўтказди
КХДР етакчиси Ким Чен Ин янги қаттиқ ёқилғили ракета двигатели синовини кузатди. Таъкидланишича, у АҚШ ҳудудигача етиб бориши мумкин бўлган қуроллар учун мўлжалланган. Янги двигатель тортиш кучи бўйича аввалгиларга нисбатан анча кучли. Бироқ мутахассислар техник маълумотлар очиқланмагани сабаб бу даъволарга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.
Нозимбек Мардонов, Салим Обиджонов ЎзА