
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Оқ йўл сизга, битирувчи!” тадбири ўтказилди. Унда бакалавр таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари битирувчилари, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбай Каримов, нуроний устоз Бегдулла Султанов сўзга чиқиб, барча битирувчи ёшларни табриклади ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.
[gallery-24167]
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан фан доктори илмий даражалари ҳамда профессор, доцент илмий унвонлари тасдиқланган профессор-ўқитувчиларга диплом ҳамда аттестатлар топширилди.
Таъкидлаш жоизки, якунланаётган жорий ўқув йилида Нукус давлат педагогика институтини бакалавриатнинг кундузги таълим йўналиши бўйича 2 минг 100 нафар, сиртқи таълим йўналиши бўйича 2 минг 181 нафар талаба, магистратура мутахассисликлари бўйича 144 нафар магистрант тамомлади. Улар орасидан минглаб талаба-ёшлар тегишли иш берувчилар билан уч томонлама шартномалар тузиш орқали иш ўринларига йўлланмалар олди.
Тадбирда бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассисликлари битирувчиларига дипломлар топширилди. Ўқув йили давомида илм-фан, таълим, маданият, спорт ва бошқа йўналишларда катта натижаларга эришган, шу билан бирга, турли республика ва халқаро танловлар, фан олимпиадалари, институт миқёсида ўтказилган танловлар ғолиблари ва уларнинг ота-оналарига совғалар, ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА