Битирувчиларга диплом топширилди (+видео)
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида битирувчи ёшларга мутахассислик дипломларини топшириш тадбири ташкил этилди.
Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, ота-оналар, корхона ва ташкилотлар масъуллари ҳамда битирувчи ёшлар иштирок этган тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов ва бошқалар сўзга чиқди ва юртимизда ёшларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар, имтиёзлар ҳақида тўхталиб, университет ва комбинат мисолида таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси кадрлар етиштиришда нечоғли муҳим аҳамият касб этаётганлигига эътибор қаратди.
2025-2026 ўқув йили университет тарихида алоҳида ўрин тутди. Аввало, университетнинг 30 йиллиги кенг нишонланди, факультетлар сони 5 тага етиб, Зарафшон факультети фаолияти йўлга қўйилди, янги таълим йўналишлари очилди, дуал таълим тизими ривожлантирилди ҳамда халқаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Энг қувонарлиси, яқинда университет дунёнинг “ТОП-1000” талик университетлари рўйхатидан ўрин олди, 6 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Бугунги кунда университетда 11 минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. 300 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи 24 та бакалавриат ва 23 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим бермоқда.
Олийгоҳда фан докторлари сони 50 нафарга, фалсафа доктори ва фан номзоди даражасига эга профессор-ўқитувчилар сони 190 нафарга яқинлашди, умумий илмий даража 65 фоиздан ошди.
Якунланган ўқув йилида университетни жами 1 531 нафар талаба бакалавр даражаси билан тамомлади. Улардан 21 нафари имтиёзли дипломга сазовор бўлди. Шунингдек, 88 нафар битирувчи магистр даражасига эга бўлди.
[gallery-30546]
– Энерго-механика факультети 4-босқичини тамомладим, – дейди Зойиржон Очилов. – Мен 2022 йил Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетига 1-босқич талабаси бўлиб келгандим. Оддий бир қишлоқдан чиққан бола, мана бугун 2026 йил 4-курсни тамомладим. Унгача 4 йил мобайнида кўплаб ютуқларга эришдим. Ундан ташқари Энерго-механика факультети Ёшлар етакчиси лавозимида ишладим, “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи сардори лавозимида ишладим ва “Маърифат майдони” кўрик-танлови ғолиби бўлдим. Навоий кон-металлургия комбинати 2-гидрометаллургия заводининг 4-цехига механик лавозимига ишга кирдим. Бугунги магистр ва бакалаврларни битирган талабаларга ҳаммасига омад ёр бўлсин.
Тадбирда ижро этилган куй-қўшиқлар ҳаяжонли ва таассуротга бой ўтган тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
<iframe width="917" height="502" src="https://www.youtube.com/embed/LFsUvniYJCA" title="Bitiruvchilarga diplom topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА