Битирувчилар мустақил ҳаётга йўл олди
Термиз шаҳридаги Президент мактабида 2023/2024 ўқув йили якунига бағишланган “Илм – саодат калити!” шиори остида битирув оқшоми бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, педагоглар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар ўқув йили давомида эришилган ютуқлар, таълим-тарбия жараёнларида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида тўхталиб, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган битирувчиларга келгуси ўқиш ва ишларида зафарлар тилади.
Тадбир ўқувчилар ижросида тайёрланган саҳна кўринишлари, оркестр жамоасининг куй-қўшиқлари билан давом этди.
Бадиий қисмдан сўнг, ўқув йили давомида юқори натижаларга эришган, турли халқаро ҳамда республика танловларида совринли ўринларни эгаллаган ходимлар ва ўқувчилар ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
2021 йилнинг октябрида фаолиятини бошлаган мазкур мактабда ҳозирда 165 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Якунланган ўқув йилида эса мактабни 23 нафар ўқувчи тамомлади.
Битирувчи ўқувчиларнинг барчаси хорижий тил билиш сертификати IELTSдан энг юқори 8,5 балл, энг қуйиси эса 5,5 баллни олган. 9 нафар битирувчи дунёдаги топ университетларнинг, умумий қиймати 1 миллион 139 минг АҚШ доллари миқдоридаги грантига эга бўлди.
[gallery-17944]
ЎзА фотомухбири
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар