Битирувчилар мустақил ҳаётга йўл олди
Маълумки, ривожланиш йўлидаги ҳар бир давлат кучли ҳарбий салоҳият билан бирга мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлсагина юксак тараққиётга эриша олади. Айни шу маънода, бугун миллий армиямизнинг қудрати ва жанговар салоҳиятини белгилайдиган асосий омил сифатида маънан етук, бурчига садоқатли, мард ва жасур ҳарбий кадрларни тайёрлаш масаласи намоён бўлмоқда.
Ушбу эзгу ғоя ва мақсадларнинг рўёби сифатида 2021 йилда Термиз шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ҳам миллий истиқлол ғояларига содиқ бўлган, юксак салоҳиятли, ҳақиқий ватанпарвар ҳарбий кадрларнинг янги авлодини етиштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Таълим даргоҳида ёшларнинг замонавий билим олишлари, рақамли технологиялар ҳамда ҳарбий техникаларни мукаммал эгаллашлари, шунингдек жисмонан соғлом ва маънан етук бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Албатта, бундай ғамхўрлик ва эътиборга жавобан лицей ўқувчилари ҳам малакали устозлар кўмагида юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани эътирофга сазовор. Хусусан, ўқувчилар Жасурбек Рўзиев ва Муҳаммаджон Эшмуродов фанларни аъло ўзлаштиргани, вилоят ва Республика миқёсидаги танловларда муносиб иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллагани учун “Аълочи ўқувчи” кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Ўқувчи Абдураҳмон Қодиров тарих фанидан Республика олимпиадасида мутлақ ғолибликни қўлга киритган бўлса, Маҳмуджон Мустафоев “Таэквондо” спортининг ВТФ йўналишида Ўзбекистон ва Осиё чемпиони бўлиб, жаҳон чемпионатига йўл олди. Шунингдек, 41 нафар лицей ўқувчиси хорижий тиллар, 4 нафари эса тарих фанидан умумтаълим фанларини билиш миллий сертификатини қўлга киритиб, ушбу фанлардан максимал балл берувчи имтиёзга эга бўлди.
Бундан ташқари, 20 нафар ўқувчи “Темурбеклар мактаблари” ўртасида ўтказилаётган фан олимпиадалари, турли кўрик-танлов ва спорт мусобақаларида муносиб иштирок этди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан жорий йилда ўтказилган “Энг намунали таълим муассасаси” танловида ҳам мазкур лицей жамоаси “Темурбеклар мактаблари” ўртасида фахрли 1-ўринни эгаллади.
Куни кеча “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида ўтказилган илк битирувчиларни мустақил ҳаётга кузатиш маросими ҳам икки йиллик таълим-тарбия ва ҳарбий тайёргарлик жараёнларининг сарҳисоби сифатида намоён бўлди. Икки йил аввал эзгу ниятлар билан қадалган 101 нафар ниҳол бугун кўзларни қувонтирган ҳолда тўла-тўкис бўй кўрсатиб, битирувчи сифатида саф майдонида қад ростлади. Тадбирда Чегара қўшинлари масъул офицерлари, фахрийлар, ҳамкорликдаги куч тузилмалари, Термиз Давлат университети, Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, лицей жамоаси ҳамда ўқувчи ёшларнинг ота-оналари иштирок этди. Унда сўз олганлар битирувчиларни самимий қутлаб, келгусида қай соҳа эгаси бўлишларидан қатъий назар, юрт корига ярайдиган, жамиятимиз равнақи ва ривожи учун хизмат қилувчи муносиб кадрлар бўлиб етишишларини, лицейда олган билим ва кўникмаларини самарали қўллаган ҳолда олдиларида турган синовлардан муваффақиятли ўтиб, олий таълим муассасаларининг бахтиёр талабалари сафига қўшилишларини тилади.
Шундан сўнг, битирувчиларга дипломларни тантанали тарзда топшириш маросими бўлиб ўтди.
– Бугун фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириб, юқори натижаларга эришган 15 нафар ўқувчимиз “Имтиёзли диплом” соҳиби бўлди, – дейди лицей директори Музаффар Норқобилов. – Фурсатдан фойдаланиб, шундай иқтидорли ёшларни тарбиялаб, вояга етказган қадрли ота-оналаримизга ўз ташаккуримни изҳор этаман. Шунингдек, лицейимизнинг жонкуяр, фидойи ва малакали устозлари ҳамда фаолиятимизда ҳар томонлама кўмак бериб келаётган ДХХ раҳбарияти ва Чегара қўшинлари қўмондонлигига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман.
Ишончим комилки, биз бундан буён ҳам биргаликда, ҳамнафас бўлиб, фарзандларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдоду қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириб, ижтимоий фаоллигини ошириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Тадбирнинг бадиий қисмида Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи мусиқа тўгарагининг ҳаваскор аъзолари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
Биз илк қалдирғочларни битирув маросими билан қутлаб, келгусида уларга баланд парвозлар тилаб қоламиз.
Майор Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари