Битирувчилар бандлиги таъминланади
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон машинасозлик институтининг битирувчи талабалари билан учрашиб, мулоқот ўтказди.
Андижон шаҳридаги «Faw Truck» қўшма корхонасининг юк машиналари ишлаб чиқариш заводида ўтказилган учрашувда вилоятдаги автосаноат тизимида фаолият юритувчи қўшма корхоналар раҳбарлари, инвесторлар, институт ўқитувчилари, битирувчи талабалари иштирок этди.
Учрашувда вилоят ҳокими давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш, таълим сифатини халқаро андозалар даражасига кўтариш орқали ёшларнинг малакали мутахассис бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди. Шунингдек, битирувчи талабаларни иш билан таъминлаш, бу борадаги мавжуд имкониятлар атрофлича муҳокама этилди.
– Ўтган ўқув йилида институтимизни жами 557 нафар ёш тамомлаган, – дейди Андижон машинасозлик институти ректори Умиджон Турдалиев. – Шундан 495 нафари Андижон вилоятида истиқомат қилади. Ана шу битирувчилар 385 нафарининг бандлиги таъминланган, 100 нафардан ортиғи айни пайтда ишсиз. Уларни, жорий ўқув йилида ўқишни тамомлаётган талабаларимиз бандлигини таъминлаш бўйича режа асосида ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-14024]
Дарҳақиқат, жорий ўқув йилида 17 та таълим йўналиши бўйича жами 670 нафар андижонлик йигит-қиз институтни тамомлаши кўзда тутилган. Айни пайтда уларни ишга жойлаштириш борасида саноат, машинасозлик корхоналари билан ҳамкорликда зарур ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, мазкур учрашув доирасида институт битирувчиларига турли корхоналар томонидан 3 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилди. Битирувчиларнинг кўпчилиги тавсия этилган бўш иш ўринларида ишлаш истагини билдирди.
Очиқ, самимий тарзда ўтган учрашув-мулоқот давомида вилоят ҳокими битирувчи ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди. Мутасаддиларга институт битирувчилари – ёш мутахассислар бандлигини таъминлаш бўйича тегишли топшириқ ва таклифлар берди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари