Битирувчилар бандлиги доимий эътиборда
Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежида 1 минг 300 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Коллежда замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган компьютер хоналари, спорт зали, ахборот-ресурс маркази – ёшлар ихтиёрида.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш салоҳияти йилдан-йилга ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани аҳоли, жумладан, ёшларни иш билан таъминлаш имконини бермоқда.Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшларимизнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, ҳаётга, меҳнатга тўғри муносабатини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент иқтисодиёт ва бизнес коллежида 1 минг 300 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Коллежда замонавий ахборот технологиялари билан таъминланган компьютер хоналари, спорт зали, ахборот-ресурс маркази – ёшлар ихтиёрида. Фанлар бўйича тўгаракларнинг ташкил этилиши ўқувчиларнинг билим ва салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашмоқда.
Ўтган йили мазкур билим масканини бешта йўналишда таҳсил олган 589 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 43 нафари олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди, 445 нафар йигит-қиз иш билан таъминланди.
Ёшларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Тижорат банклари мутахассислари иштирокида жойларда семинарлар ўтказилиб, уларга бизнес режа тузишдан тортиб, тадбиркорлик юритишгача бўлган барча жараёнда иқтисодий, ҳуқуқий, молиявий кўмак берилмоқда. Жумладан, жорий йилда коллежнинг 8 нафар битирувчиси тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар олиш мақсадида ўзларининг бизнес лойиҳалари билан қатнашмоқда.
– Ҳар бир ёшнинг дунёқараши, билим ва маҳорати, юрт олдидаги масъулиятини ҳис этиши, фидойилиги таълим-тарбия жараёнига боғлиқ, – дейди коллеж директори Пўлатхўжа Йўлдошев. – Таълим соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш амалиётининг кенг татбиқ этилаётгани таълим-тарбия жараёнидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур коллежда ўқувчилар амалиётини ташкил этиш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида тижорат банклари, суғурта компаниялари, “Дойче кабель” қўшма корхонаси, “Махсусэнергогаз” очиқ акциядорлик жамияти, “Нефттаъминот” масъулияти чекланган жамияти каби қатор ташкилот ва корхоналар, кичик бизнес субъектлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Таълим ва амалиётнинг узвий олиб борилаётгани замонавий билим ва кўникмага эга бўлган ёш мутахассислар сафи кенгайишига хизмат қилмоқда. Жорий йилда коллежни 519 нафар йигит-қиз битираётган бўлса, шундан 423 нафари турли корхона ва ташкилотлар билан уч томонлама шартнома имзолади.