Битирувчи ёшлар бандлиги таъминланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Санъат саройида битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Ярмаркада ёшларга жами 243 та корхона, ташкилот, тадбиркорлар ҳамда туман шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан 8854 та бўш иш ўрни таклиф этилди. Корхона ва ташкилотлар масъуллари ўзларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди. Шунингдек, хорижий иш берувчилардан бири, Туркиянинг “Чукурово” бандлик агентлиги 500 нафар кишини энагалик (болалар ва қарияларни парваришлаш) ишига жойлаштиришга оид тақдимоти билан иштирок этди.
[gallery-18117]
Меҳнат ярмаркасида 213 нафар битирувчи-талаба корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди, 289 нафари мавсумий ишга, 158 нафари эса касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилди. Бундан ташқари, 268 нафар ёшга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбир доирасида “Ҳоким ва битирувчи талабалар учрашуви” ўтказилди. Унда вилоят ҳокими У. Қосимов, Термиз давлат университети ректори А. Тошқулов, битирувчи талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маълумки, 2020 йилда Термиз давлат университети ректори А. Тошқулов ташаббуси билан мазкур олийгоҳда юридик факультети йўналиши очилган. Жорий йилда ушбу факультетни 298 нафар илк битирувчиси катта ҳаёт остонасига қадам қўяди. Битирувчиларнинг 221 нафари юриспруденция, 77 нафари миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишида сабоқ олган.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими битирувчи талабаларни муборакбод этиб, келгуси ишларида омад тилади, шарафли касбда самарали фаолият юритишларига ишонч билдирди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА