Битирувчи талабалар онлайн тест топшириши мумкин
Қўқон давлат педагогика институтида талабалар масофадан туриб онлайн ўқимоқда.
Қўқон давлат педагогика институтида талабалар масофадан туриб онлайн ўқимоқда. Бунинг учун “Moodle – элeктрон таълим тизими” жорий этилган.
Мазкур тизимда 432 нафар фойдаланувчи профессор-ўқитувчилар ҳамда 8 минг 863 нафар талаба рўйхатдан ўтган, улардан 2 минг 152 нафарини сиртқи (махсус сиртқи) таълим шаклида таҳсил олувчи талабалар ташкил этади.
Институтнинг “Moodle – элeктрон таълим тизими”да йўналишлар бўйича ўтиладиган барча фанларнинг курслари ахборот технологиялар маркази томонидан яратилди. Тизимга профессор-ўқитувчилар томонидан ўтиладиган фанларнинг маъруза машғулотлари, тест саволлари, мустақил ишлар, мавзу бўйича тақдимотлари, видеодарслари, аудиодарслари ва бошқа материаллар жойлаштирилиб борилмоқда.
Бугунги кунда масофавий таълимнинг модул тизимига материалларни жойлаш ва курсларни ташкил қилиш бўйича видео кўрсатма жорий қилинди. Ушбу видеокўрсатма телеграмм каналлари орқали кафедра мудирлари ва профессор-ўқитувчиларга тарқатилди. Ахборот технологиялари маркази томонидан ҳар қандай техник қўллаб- қувватлаш амалга оширилмоқда.
– Ҳар бир курс ва таълим йўналишлари (мутахассисликлари) кесимида телеграмда гуруҳ ва каналлар ташкил этилган бўлиб, деярли барча талабалар унга уланган, – дейди институт ректори Маъмиржон Отажонов. – Фан ўқитувчилари томонидан дарс жадваллари асосида ҳар куни маъруза материаллари, назорат топшириқлари ва ҳар бир мавзу бўйича видеодарслар мазкур телеграмм каналларга жойлаштириб борилмоқда. Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар томонидан тайёрланган видеодарслар YouTube каналига, https://tube.edu.uz ҳамда махсус телаграмм каналига юклаб борилмоқда. Талабалар материаллардан тўғридан-тўғри платформа орқали фойдаланмоқда.
Институт ахборот ресурс марказидаги мавжуд барча ўқув адабиётлар электрон форматга ўтказилиб, талабалар ундан фойдаланмоқда. 2019/2020-ўқув йилининг баҳорги семестрида талабалар билимини test.kspi.uz платформаси орқали баҳолаш бўйича барча фанлардан тест топшириқлари базаси шакллантирилмоқда. Талабаларнинг фанлар доирасида ўзлаштириш даражалари мазкур тизим орқали баҳоланиши режалаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда битирувчи курс талабаларининг ўқув жараёнлари деярли якунланганлигидан келиб чиқиб, улар учун якуний давлат аттестациялари ҳам онлайн тест ва онлайн ҳимоя тарзда ўтказиш чоралари ишлаб чиқилмоқда.