Бишкекда Ўзбекистон электротехника маҳсулотлари намойиш этилмоқда
Шу кунларда Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида ўтказилаётган “Ala-Too Trade & Industry Expo” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу ҳақда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати маълум қилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ташкил этилган мазкур тадбир саноат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Кўргазмада аъзо давлатлар ҳукуматлари вакиллари, ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ҳамда бизнес доиралари иштирок этяпти.

Тадбир доирасида “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида ишлаб чиқарилаётган электротехника маҳсулотлари халқаро ҳамкорлар ва соҳа мутахассисларига тақдим этилмоқда. Бу маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини намоён этиш ва ташқи бозорлардаги иштирокини кенгайтириш учун муҳим имконият яратади.

Кўргазма экспозициясидан кабель-сим маҳсулотлари, маиший техника воситалари, электр жиҳозлари, бутловчи қисмлар ҳамда бошқа истиқболли маҳсулотлар ўрин олган. Намойиш этилаётган маҳсулотлар иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, кўргазма давомида соҳа корхоналари ва хорижий ҳамкорлар ўртасида қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилиняпти.
Эслатиб ўтамиз, “Ala-Too Trade & Industry Expo” халқаро кўргазмаси 6 июнь куни ўз ишини якунлайди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА