Биродар шаҳарлар – халқ дипломатиясининг янги босқичи
Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим дастур сифатида эътироф этилмоқда. Унда очиқлик, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва халқ дипломатиясини ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Мазкур жараёнларда биродар шаҳарлар институти тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси бош мутахассиси Шоазим Мансуров бу ҳақда фикр юритар экан, бугунги шароитда шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорлик оддий алоқалар доирасидан чиқиб, халқлар ўртасидаги ишонч ва яқинликни мустаҳкамлайдиган кучли воситага айланиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, глобаллашув даврида шаҳарлар нафақат иқтисодий марказ, балки халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчиси сифатида ҳам шаклланмоқда. Айниқса, биродар шаҳарлар тизими халқ дипломатиясини амалда таъминлайдиган самарали механизм сифатида намоён бўлмоқда.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Ўзбекистон олдига 2030 йилга қадар биродар шаҳарлар сонини 150 тага етказишдек аниқ вазифа қўйилган. Мутасаддининг қайд этишича, бу кўрсаткич ортида катта мазмун мужассам — халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданиятлар мулоқотини кенгайтириш ва барқарор ҳамкорлик муҳитини яратиш.
2026 йилда 22 та хорижий шаҳар билан янги алоқалар ўрнатиш режалаштирилгани эса ушбу йўналишдаги ишлар изчил ва аниқ режа асосида олиб борилаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, бугуннинг ўзида учта шаҳар билан биродарлик алоқалари расман йўлга қўйилди.
Шоазим Мансуров бу борада тўхталар экан, мазкур келишувлар шунчаки рамзий ҳужжат эмаслигини, балки улар орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантириш кўзда тутилаётганини алоҳида таъкидлади.
Унинг айтишича, бу йил Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Биродар шаҳарлар халқаро форуми ушбу йўналишдаги энг муҳим қадамлардан бири бўлади. Қайд этилишича, бундай форматдаги тадбир Ўзбекистонда илк бор ташкил этилмоқда.
Форумда 50 га яқин хорижий шаҳарлар раҳбарлари ва ўнга яқин халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса шаҳарлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва янги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим платформа бўлади.
Тадбир доирасида пленар йиғилишлар, мавзули секциялар ва икки томонлама учрашувлар ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорлик шартномалари имзоланиши, шаҳарлар имкониятлари тақдимоти каби амалий жараёнлар ҳам ташкил этилади.
Мутахассис фикрича, мазкур форумнинг энг муҳим жиҳати — унинг натижага йўналтирилганидадир. Яъни, у фақат мулоқот майдони эмас, балки аниқ лойиҳалар ва келишувларга асос бўладиган амалий механизм.
Шу билан бирга, у халқаро тажриба алмашиш орқали маҳаллий шаҳарларнинг бошқарув салоҳиятини ошириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва янги ёндашувларни жорий этиш имконини ҳам бериши кутилмоқда.
Энг муҳими, бу жараёнларнинг марказида инсон ва халқ манфаатлари туради. Чунки биродар шаҳарлар — бу, аввало, халқ дипломатиясининг амалий ифодаси.
Маданий алмашинувлар, қўшма фестиваллар, таълим ва ижодий лойиҳалар орқали халқлар бир-бирига яқинлашади. Бу эса, ўз навбатида туризм, маданият ва ижтимоий-гуманитар соҳалар ривожига кучли туртки беради.
Н.Раҳмонова,
ЎзА