Бирлик канали билан боғлиқ муаммо бартараф этилди
Халқ вакили аҳоли билан мунтазам равишда мулоқотда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларини ўрганиши, муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилиши лозим. Шундагина сайловчилар ишончини оқлаб, ўз зиммасидаги вазифаларига масъулият билан ёндашган бўлади.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дурбек Аҳмедов Учтепа туманида бўлиб, “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Юзма-юз мулоқотлар давомида аҳоли вакиллари маҳалла ҳудудидан Катта ҳалқа йўли орқали Ўрикзор даҳасига кесиб ўтувчи Бирлик канали билан боғлиқ муаммони ўртага ташладилар. Каналнинг “Тақачи” кўча, “Шароф” кўчаси, 13-тор “Шароф” кўчалари кесишган жойида ўзанидан тошиб чиқиш оқибатида катта кўлмак ҳосил бўлган. Бу эса шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли учун ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.

Депутат Дурбек Аҳмедов Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси 7-Учтепа тумани бўлимига муаммоли масалани бартараф этиш бўйича тавсиялар берди ва ушбу масала депутатлик назоратига олинди. Натижада 7-Учтепа туман бўлими томонидан қувур таъмирланиб, сув ҳажми ер сатҳидан пастга тушириб берилди. Келгусида муаммо бўлмаслиги учун назоратга олинди.
Шунингдек, депутат 22-сонли Оилавий поликлиникада ҳам бўлиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларини ўрганди. Бу борада аҳолининг таклифлари олинди.
Тумандаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш масаласи депутат назоратига олинди.
М.Комилова,
ЎзА