Бирлашган Араб Амирликлари иш берувчилари Наманганда
Наманганда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Бирлашган Араб Амирликларининг “SANED” компанияси вакиллари талабномасига асосан қўриқлаш хизмати - “security”га турли объектларни қўриқлаш ишлари бўйича танлов ташкил этилди.
Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларидан иштирок этган 84 кишига иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар, хусусан, иш жараёнлари, шарт-шароитлари, корхонанинг ички тартиблари, иш вақти ҳамда ойлик иш ҳақи, номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Танлов жараёнида иш берувчи вакиллари томонидан 20 номзод танлаб олиниб, уларнинг инглиз тилини қисман ўзлаштирган 19 нафари вазирлик тизимидаги коллежларда бепул чет тиллари ўқув курсига йўналтирилди.
Меҳмонлар ташрифи доирасида Наманган вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов ҳамда БААнинг «SANED», «AS Unique Human Resourses», «Elite Employment Services» компаниялари вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Амалий мулоқотда «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори асосида вилоятда ташкил этилган «IT School» профессионал ўқув марказида БАА билан ҳамкорликда чет тилларига ўқитиш ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича касбларга тайёрлаш юзасидан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар ташриф доирасида Наманган шаҳридаги “IT Shcool” ўқув маркази фаолияти билан танишади. Бундан кўзда тутилган мақсад инглиз ва араб тилини биладиган, зарур касб-ҳунарга эга Ўзбекистон фуқароларини БААдаги турли соҳаларга ишга жалб этишдан иборат.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА