Биринчи миллий дастур йўналишидаги вазифалар белгилаб олинди
Президентимизнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи барча соҳа ва йўналишларда галдаги вазифаларни белгилаб олиш, шу асосида янги поғоналарни эгаллашда муҳим аҳамият касб этади. Жойларда, ташкилот ва идораларда мазкур нутқдан келиб чиқадиган устувор вазифалар белгилаб олинмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси йиғилишида ушбу тарихий нутқдан келиб чиқадиган вазифалар ва ва уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди. Жумладан, Президент нутқида илгари сурилган биринчи миллий дастур — билим ва малакани мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини таъминлайдиган асосий капиталга айлантириш вазифасига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент нутқида келтирилганидек, сўнгги ўн йил мобайнида таълим соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилди, умумтаълим мактабларида 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди.
Бу эса ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши ва олий маълумотга эга бўлиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайганидан далолат беради. Талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани эса қизларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратилаётганидан далолатдир. Таълимга йўналтирилаётган ресурсларни мамлакатнинг келажагига киритилаётган стратегик инвестиция сифатида баҳолаш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Қўмита аъзолари Президент нутқидаги биринчи миллий дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида зарур ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни парламент назорати орқали тизимли равишда ўрганиб бориш, илгари сурилган ташаббусларни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, давлат дастурлари ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.
Йиғилиш якунида Президент нутқида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда қўмита томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА