Биринчи чоракдаги ишлар таҳлил қилинди
Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Дўстлик ва Арнасой туманлари ҳудудий ички ишлар бўлимларида соҳа вакилларининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширилган ишлари фаолияти таҳлилига бағишланди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, жамоат хавфсизлик хизмати бошлиғи, подполковник Раҳматулла Бўриев раҳбарлигидаги йиғилиш аввалида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида эришилган натижалар эътироф этилиб, йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинди. Таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан кўтарилган ҳар бир масала юзасидан соҳавий хизматлар масъулларининг ҳисоботлари тингланди.

Ушбу тадбир давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасидаги тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш, шунингдек, ҳар бир раҳбар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиши, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна бўлган ҳолда хизматни ташкил этиши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, криминоген вазият оғир бўлган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, бу борада ишни “маҳаллабай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизимида ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, йиғилишда 3-сектор ҳудудида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилиниб, бажарилаётган ишларни жонлантириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Ўтказилган муҳокамаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар фаолияти таҳлилига бағишланган тадбирлар вилоят ИИБ ҳудудий ички ишлар бўлимларида ҳам ўтиши назарда тутилган.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА
