Бир ёқадан бош чиқариб ишлайлик
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир неча йилдан буён анъанага айланган мурожаатномалари бутун жамиятимиз ва мамлакатимиздаги барча соҳаларга тааллуқли муҳим масалаларни қамраб олади.
29 декабрдаги охирги Мурожаатнома ҳам давлат раҳбарининг мақсади доимий тараққиёт бўлиб, тараққиёт ва ривожланиш учун ҳали янгидан янги шароитлар яратиш имкони борлигини маълум қилди.
Жамият ҳаётининг барча соҳаларини ўз ичига олган иш юритишнинг бундай усули, айниқса, чорак аср давомида ҳар бир сатҳи чегараланган тарзда иш юритилган бизнинг жамиятимизга жуда зарур эди.
Турли йилларда қилинган мурожаатларни, нафақат мурожаат, балки ҳар қайси муҳим изҳорот ва нутқларни ўқиб, давлатимиз, хусусан, жамиятимиз нечоғлик чегараланган рамкага тушиб қолганлигини аниқлаш қийин эмас. Ушбу қолип ва занжирларни синдириш осонмас, табиийки, бу узоқ муддат, заҳмат ва машаққатни талаб этадиган жараёндир. Мустақилликнинг илк йилларидан шаклланган ҳаёт тарзи ва мафкурани бартараф этиш ва қайтадан тиклаш осон кечмайди.
Шавкат Мирзиёев давлат ислоҳотчиси сифатида виждон амри билан, жамиятдаги мушкул муаммоларни эътиборга олган ҳолда қотиб қолган онг ва мафкурадаги баъзи тоифа кадрлар ва амалдорларни уйғонишга ҳидоят этиб, «қанчалик мураккаб бўлмасин, биз ўз танлаган демократик ислоҳотлар йўлидан қайтмаймиз» деб қатъият билан айтди.
Ислоҳотлар ҳеч вақт ва ҳеч бир замонда осон кечмаган.
Бир матбуот ходими сифатида мен ҳам Мурожаатномада назарда тутилган кўпчиликка тушунарли бўлган муҳим масалалар борасида тўхтаб ўтишни лозим топдим.
Турли маданият ва динлараро дўстлик тилга кўп олинадиган мавзулардан бўлиб, у халқлар ва миллатларни бирлаштирадиган муҳим масалалардан саналади. Ер куррасида ирқчилик, миллатчилик, диний зиддиятлар авж олган айни пайтда дўстлик мавзуси ушбу иллатларга жавоб сифатида янграши мумкин.
Мамлакатимизда бу борада муҳим аҳамиятга эга ишлар амалга оширилди. Бу мавзу шу қадар нозик ва мураккабки, унга нисбатан сал эътиборсизлик ё ғафлатда қолиш катта офатга сабаб бўлиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро дўстлик куни деб эълон қилинган 30 июлни давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб нишонлашни таклиф этди. Бу Президентимизнинг ўз вазифасига киришган илк кунларидан бошлаб олға сурган ташқи сиёсат ва ички сиёсат, хусусан, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик, халқлар ва миллатлар орасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш борасида олиб борган сиёсатининг давоми ҳисобланади.
Президентимиз ҳар бир нутқ ва чиқишларида сўз эркинлиги ва ахборот воситаларига эътибор қаратади. Журналист ва блогерлар эркин фикр юритишининг қонунчилик томонидан ҳимоя қилиниши соҳа вакилларининг янада эркин ва озод ижод қилишига асос бўлади. Аммо ҳеч кимга сир эмас, янгича фикрлаш ва эркин матбуот даврида ҳам нафақат мансабдор шахслар, балки бир гуруҳ касбдошларимиз ҳам собиқ иш услубини лозим тутадилар, яъни уларни ички қўрқув ҳисси тарк этганича йуқ.
Мурожаатнома нафақат барча давлат намояндалари, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси олдига бир олам мақсад ва вазифаларни қўйди. Келинг, масъулиятни зиммага олиб, бир ёқадан бош чиқариб, уларни амалда татбиқ этайлик.
Тожибой ИКРОМОВ,
«Овози тожик» газетаси бош муҳаррири ўринбосари,
«Ориёно» Тошкент шаҳар тожик миллий-маданий маркази раиси ўринбосари