Бир сулола тарихи
«Тошкент» музейида Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган «Бир сулола тарихи – Зокировлар» мавзуида тадбир ва фотокўргазма бўлиб ўтди.
Халқимиз қадимдан мусиқани яхши кўради. Юртимизда уюштириладиган байрамлар, тадбирлар, кечаларни ажойиб қўшиқлар ва жозибали рақсларсиз тасаввур қилиш қийин. Мусиқа санъатида ўз ўрнига эга бўлган Ражабийлар, Отажонов ва Зокировлар каби сулолалар ҳақида жуда яхши биламиз.

Ана шундай ижодкор сулолалар ичида Зокировлар сулоласи алоҳида ўрин тутади. Сулола бош вакили Карим Зокиров рафиқаси Шоиста Саидова билан 6 нафар фарзандни бирга улғайтириб, уларда болалик даврлариданоқ мусиқага муҳаббат туйғуларини уйғотган.
Бош фарзанд Ботир Зокиров ўзбек миллий эстрадасининг асосчиси. У 1956 йил Ўзбекистондаги илк эстрада жамоаси – «Ёшлик» ансамблини ташкил қилиб, 1957 йилда гуруҳ билан Москвада бўлган ёшлар ва талабаларнинг Бутунжаҳон фестивалида иштирок этади ва илк бор араб тилидаги «Оҳ менинг орзуларимнинг нури» қўшиғини куйлайди. Кейинчалик «Араб тангоси» номи билан машҳур бўлган бу қўшиқ Ботир Зокировни бутун дунёга танитади.

У Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Ўзбекистон давлат эстрада оркестрининг бадиий раҳбари бўлиб, ўз концерт дастурида озарбайжон, эрон, афғон, турк, ҳинд, грек, испан, итальян тилларида қўшиқлар куйлаган. Б.Зокировга 1965 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони берилди. У ўзининг сеҳрли товуши билан халқимиз муҳаббатига сазовор бўлган.

Давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, Ботир Зокиров оиласининг дўстлари, академик, ижодкор, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда Зокировлар сулоласининг тарихи ҳамда бугунги кундаги фаолияти, хусусан, Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ижоди, унинг фарзандлари ҳақида сўз юритилди. Санъаткорнинг биз билмаган қирралари ҳақида гапирилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар Зокировлар сулоласи суратларидан иборат фотокўргазмани томоша қилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА