Бир оила бузилса – Арш ларзага келар экан...
Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган 4 ойида 562 та оилавий ажрим қайд этилиб, 281 та оила яраштирилган.
Исломий китобларда – бир оила бузилса Арш ларзага келар экан, дея қайт этилган. Шу сабабдан ота-боболаримиз оила мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратган. Ҳатто, 15-20 йиллаб фарзанд кўрмаган оилаларни ҳам ажралиб кетишига йўл қўймаган. Чунки улар оила муқаддаслигини қалб-қалбидан ҳис қила билган.
Бугун тиббиёт ривожланиб, бепуштликни даволаш оддий ҳолга айланди. Қолаверса фарзандсизлик сабабли бўладиган оилавий ажримлар бор-йўғи 2 фоизни ташкил этар экан. Айни пайтда йилдан-йилга ва ҳатто, ойдан-ойга оилавий ажримлар сони ортиб бормоқда. Энг ачинарлиси, бу ажримларга иқтисодий етишмовчилик, моддий таъминотнинг пастлиги, ишсизлик, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчилик, турли гап-сўз, миш-мишлар сабаб бўлмоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби, Жиззах вилоятида ҳам оилавий ажралишларнинг олдини олиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳатто шу, ўта жиддий масалада Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг жорий йил июнь ойида ўтказилган сессиясида махсус қарор қабул қилинди. Вилоятда ўтган 4 ой давомида 562 та оилавий ажрим ҳолати қайд этилган. Бу ҳар бир ойга ўртача 140 тадан ортиқ оила бузилди, дегани. Қолаверса, бу кўрсаткич ўтган 2021 йилнинг шу даврига нисбатан ажримлар сонини 142 тага ошганини кўрсатади.
Вилоятда қайд этилган оилавий ажримлардаги рақамларга эътибор қаратсак, ажрашганларнинг 80 нафари ҳали бир йил ҳам бир оила бўлиб яшамаган. 272 нафари 1 йилдан 5 йилгача, 156 нафари 5 йилдан 10 йилгача, 54 нафари 10 йилдан ортиқ биргаликда яшаган оилалардан иборат. Шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва маҳаллаларда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш мақсадида масъул ташкилотлар билан биргаликда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ, яраштиришнинг имкони бўлмаганлиги, яна ҳам аниқроқ айтсак, бу оилаларни яраштириш ушбу комиссия вакилларининг қўлидан келмаганлиги сабабли, шунча ажрим ҳолати юзага келган.
Биз – “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссияси аъзоларининг иши қониқарсиз дейишдан йироқмиз. Ушбу комиссия томонидан вилоятдаги мавжуд 300 дан ортиқ маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида никоҳларини бекор қилиш учун судга, ФҲДЁ бўлимларига ариза берган оилалар рўйхати шакллантирилиб, оиланинг ажрим ёқасига келиш сабаблари ўрганилган, уларга оилада юзага келган носоғлом муҳитнинг сабабларини бартараф этишда ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашда ёрдам берилган. Жумладан, комиссия томонидан оилавий ажрим ёқасига келиб қолган 479 та оиладан 281 таси яраштирилган. Оила ва хотин-қизлар бўлимлари томонидан шаҳар ва туманларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларни олдини олиш бўйича маънавий-маърифий тадбирлар, семинар-тренинглар ўтказилган.
Вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси билан биргаликда ФҲДЁ бўлимларига никоҳини бекор қилиш учун ариза билан мурожаат қилган фуқаролар, ўз фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан қасддан бош тортиб келаётган фуқароларнинг оиласини сақлаб қолиш юзасидан ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Эндиликда, шаҳар ва туманлар ҳокимларига (сектор раҳбарлари иштирокида) маҳаллаларда оилавий ажрим ҳолатига келиб қолган оила вакиллари иштирокида “Оила муқаддас” масаласида ташкил қилинадиган қабул кунларига шахсан ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарлари иштироки таъминланадиган бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарорига асосан 2021 йилда Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан хотин-қизлар учун қуриладиган уй-жойларда қурилиш ишлари назорат қилинаётир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги 737-сонли қарорига мувофиқ сотиб олинган ижтимоий уй-жойларга Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси хулосасига асосан аёлларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятнинг барча шаҳар ва туман ҳокимликларида алоҳида “Мадад” хонаси ташкил этилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ҳудудларда хотин-қизларни ўқитиш марказларини ташкил қилиб, банк кредитлари ажратиш, субсидиялар бериш, устоз-шогирд, ҳунармандчиликка йўналтиришдаги барча соҳалар бўйича бандлик қамровини ошириш кўзда тутилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА