Бир миллиард сўмга яқин маблағ ундирилди
Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 18 апрель кунги ижро ҳужжатига асосан, қарздор “Mustafa farm” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги фойдасига 936 миллион сўм ундириш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилди.
Хусусан, қарздор “Mustafa farm” масъулияти чекланган жамияти банк ҳисоб рақамлари хатловга олиниб, унга электрон инкассо қўйилди. Шунингдек, қарздорга тегишли битта кўчмас мулк хатловга олинди.
Шунинг натижасида, 936 миллион сўмдан ортиқ пул маблағи тўлиқ ундирилиб, суд қарори ижроси амалда таъминланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири