“Бир макон, бир йўл”нинг Қувасойдаги корхонаси (+видео)
Пекинда ўтаётган “Бир макон, бир йўл” III форуми чоғида Хитой етакчиси ҳар соҳада модернизациялашув умумий фаровонлик гарови бўлади, деди. Бундан ўн йил аввал ўртага ташланган лойиҳа ва ташаббус бугун дунёнинг 60 га яқин мамлакатида ўз натижаларини кўрсатмоқда. Қувасойнинг Пакана қишлоғидаги “ART SOFT СERAMICS” корхонаси бунинг ёрқин мисолидир. Ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда хитойлик муҳандислар дунё керамоплита саноатидаги энг сўнгги русумдаги босимли қолиплаш ускунаси, пишириш қозонхонаси, принтерлар келтиришди ва қисқа муддатда корхона тикланди. Қувасой атрофи қишлоқларидаги ишсиз ёшлар, бир қисми эса мигрантликдан қайтган йигитлар ишга қабул қилинди.
– 300 га яқин ишчи 4 сменада ишламоқда. Яна Хитой Халқ Республикасидан келган 11 та мутахассис бўлиб, улар кафель ишлаб чиқариш бўйича маҳаллий ёшларга устозлик қилишмоқда, – дейди корхона директори Қаҳрамон Ҳусанов. – Корхонамиз шиори — “Олий навли керамоплита ишлаб чиқариш!”. Шунинг учун маҳсулотимизга ҳорижда ҳам талаб катта. Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, мана энди Озарбайжонга маҳсулот юборяпмиз.

Керамоплиталар ранг-баранг дизайнда. Буюртмачи истагини айтса кифоя. У айтган муддатда ўша дизайндаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Дарвоқе, дизайнчи ва нусха босувчи принтер аппарати операторлари ҳам қишлоқ ёшларидир.
– Мўян қишлоғиданман. Замонавий корхоналарда ишлашни ҳавас қилар эдим. “ART SOFT СERAMICS” заводи очилаётганини эшитиб, бу ерга келдим. Мени принтер соҳасига ишга олишди, – дейди ёш мутахассис Анвархон Тошхўжаев. – Хитойлик муҳандислар билан кафелга гул босувчи энг замонавий принтерни бошдан-оёқ йиғдик. Шу жараёнда улар менга принтернинг ишлатиш усулларини ўргатишди. Мана энди ўзим мустақил равишда принтер оператори лавозимида ишлаб келяпман.


“ART SOFT СERAMICS” маҳсулотлари турдош корхоналарникидан кўриниши, пишиқлиги, ўлчамларининг қатъийлиги билан ажралиб туради. Ҳолбуки, бу ерда ҳам Ўзбекистон хомашёси ишлатилади.
– 95 фоиз хомашё Ўзбекистондан, Ангрен ва Чироқчидан оламиз. 5 фоизини эса Хитойдан келтирамиз. Кафелларни ялтироқ ва хиралаштирилган дизайнда, ҳар бирини 2 ой оралатиб ишлаб чиқармоқдамиз, – дейди Қаҳрамон Ҳусанов. – Бугун қурувчиларнинг талабига кўра 60х60 см ўлчамдаги юқори сифатли кафель ишлаб чиқарилмоқда. Лекин биз 60х80, 60х100 см ўлчамда ҳам ишлаб чиқаришимиз мумкин.
“Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг Ўзбекистондан ўтадиган қисми Қувасойда икки мамлакат фуқароларини бирлаштирди. Лойиҳа ғоясида таъкидланганидек, уларни манфаатлар бирлаштирди. Ҳолбуки, бир неча йиллар аввал Хитой фуқаролари Қувасойга келиб ишлашини тасаввур қилиш қийин эди. Бугун эса атиги 9 ойда бу корхона 1,5 млн. метр квадрат керамоплита ишлаб чиқарди.

– Мен вақтинча ёлланган мутахассис эмас, балки “ART SOFT СERAMICS” корхонасининг доимий ишчисиман, – дейди хитойлик муҳандис Жанг Ли Ли. – Биз 11 нафар муҳандис “Бир макон бир йўл” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Руспубликаси Президенти тадбиркорларга яратиб берган қулай шароит туфайли “ART SOFT СERAMICS” корхонасини қуриб, ишга туширдик. Ўтган бир йилда корхона Ўзбекистоннинг етакчи ишлаб чиқарувчисига айланди. Бу, аввало, замонавий технологиялар жорий этилгани ва маҳсулот сифати билан боғлиқ.

Замон ўзгарди. Одамлар ҳам. Энди, бизга бўлаверади, дейдиганлар қолмади. Маҳсулот сифати бирламчи талабга айланди. Бугун юртимизнинг қайси шаҳар-қишлоғига борманг, Қувасой ишлаб чиқараётган керамоплиталар билан безатилган иншоотларни кўрасиз.
“ART SOFT СERAMICS” корхонасининг ранг-баранг маҳсулотлари Ўзбекистон бозорини аллақачон эгаллаган. Корхона муассислари эса ички бозор эҳтиёжларини қондиришга урғу беришмоқда. Аммо Европа мамлакатларидан келган буюртмаларга кўра яқин кунларда керамоплита экспорт қилинаётган давлатлар қаторига Германия ҳам қўшилиши кутиляпти.
Технологик модернизациялашув иқтисодий барқарорликни таъминламоқда. Шунинг учун ҳам “Бир макон, бир йўл” форумида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиш бардавом эканини таъкидлади”.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GR8K0h3gQUg" title="“Бир макон, бир йўл”нинг Қувасойдаги корхонаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА