Бир макон, бир йўлдан - ягона мақсад сари!
Хитой халқида “Бойимоқчи бўлсанг, ишни йўл қуришдан бошла!” деган ҳикмат бор. Одатда, хитойликлар бир инсонга яхши ният, мақсад тиласа, маслаҳат сифатида шу гапн айтади. Зеро, йўл инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади, юрт иқисодиётини кучайтириб, аҳоли турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилади. Умуман, Хитойда ҳар қандай масала ечимига кенг қамровда, ҳатто, глобал кўламда, донишмандона ёндашилади.
Хитой халқида “Бойимоқчи бўлсанг, ишни йўл қуришдан бошла!” деган ҳикмат бор. Одатда, хитойликлар бир инсонга яхши ният, мақсад тиласа, маслаҳат сифатида шу гапни айтади. Зеро, йўл инсоннинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади, юрт иқисодиётини кучайтириб, аҳоли турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилади. Умуман, Хитойда ҳар қандай масала ечимига кенг қамровда, ҳатто, глобал кўламда, донишмандона ёндашилади.
Си Цзиньпин бундан ўн йил муқаддам таклиф қилган ғоя ҳам нафақат бир мамлакатни, балки бутун Жанубий ва Марказий Осиёни, Африка ва Европа қитъасини ҳам қамраб олаётган мега лойиҳага айланди. Ташаббусни мағзини чақиб, англаб етган уч қитъа, 140 давлат ва 30 дан зиёд халқаро ташкилот бугун “Бир макон, бир йўл”ни якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.
Сўнгги йилларда саноати, қишлоқ хўжалиги, илми, маданияти жадал ривожланаётган Хитой рамзий маънода “жаҳон фабрикаси”га айланди. Америка қитъасими, Европа мамлакатларими ёки Африка, Араб, Шимол, Ғарб давлатларими, дўконларда албатта “Made in China” ёзувини учратасиз.
Табиийки, аҳолиси қарийб бир ярим миллиард мамлакат тўхтовсиз ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни харидорга етказиш учун транспорт, айниқса, йўл керак. Йўл дегани равон, юқори тезликка мўлжалланган, мустаҳкам бўлса, нур устига аъло нур.
Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” қитъалар аро темир йўли лойиҳаси эълон қилинганига роппа-роса 10 йил бўлди. Тез ривожланаётган жаҳоншумул бу тадбирга, айтиш жоиз, коронавирус бироз халақит берди. Аллоҳга шукур, офат чекиниб, ер юзи аҳолиси энди-энди бироз енгил нафас ола бошлади. Ниҳоят лойиҳа, ғоялар қайта тикланиб, қад кўтариши сустлашиб, тўхтаб қолган йўл, бинолар қурилиши яна жонланди.
Яна бир неча кундан кейин Пекинда “Бир макон, бир йўл” халқаро ҳамкорлиги учинчи Форуми иш бошлайди. Ипак йўлининг иқтисодий белбоғини яратишга аҳд қилган давлатлар мазкур лойиҳа бўйича алоқаларни юқори даражада, пухта ташкил этиш, ривожлантириш масаласини муҳокама қилади.
Анжуманда 70 га яқин давлат вакиллари қатнашиши маълум қилинди. Улар орасида “Буюк Ипак йўли-2” темир йўл мега лойиҳаси бўйича ҳамкор давлатлар етакчилари, вазирлар, йирик ишбилармон, тадбиркор, иқтисодий таҳлилчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаётган бошқа ташкилот, идоралар раҳбарлари қатнашиш иштиёқини билдирган.
Хитой муқаддам ушбу ташаббус доирасида Осиёнинг 38 давлати, жумладан Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Кирғизистон, Тожикистон, Африканинг 40, Европанинг 26, Океаниянинг 11, Шимолий Американинг 11, Жанубий Американинг 8 мамлакати – жами 148 давлат, 33 халқаро ташкилот билан ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаган. “Буюк ипак йўли-2” номини олган “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига яқиндагина яна бир юрт – Сурия Араб Республикаси қўшилгани ҳақида хабар чиқди.
Демак, юзлаб йиллар муқаддам ота-боболаримиз туялар карвони билан босиб ўтган қадим тор сўқмоқ йўллар энди рақамли технологиялар орқали бошқариладиган замонавий, тезкор “Буюк Ипак йўли-2” бўлиб қайта тикланади. Таъкидлаш жоиз, қадимги Буюк ипак йўли бир савдогар, бир тадбиркор, бир карвон, кўпи билан бир давлат манфаатини кўзлаган бўлса, Хитойдан бошланадиган қитъалар аро янги темир йўл БМТга аъзо мамлакатларнинг ярмидан кўпи иқтисодиётини боғлаб, умумий манфаатни кўзлайди. Жануби-шарқда эса асосий тармоғи Ўзбекистондан ўтадиган, алоқадор давлатлар иқтисодиётини илдам суръатда ривожлантирадиган қудратли транспорт ва инфратизим шаклланмоқда.
“Бир макон, бир йул” ташаббуси янги йўллар очиб, давлатларни бир-бири билан боғлаб, нафақат иқтисодиётни кучайтириш, балки турли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, маориф, махсус таълим-тарбия алоқаларини ривожлантириш ҳам кўзда тутилмоқда. Шу мақсадда 2015 йил Сиан транспорт университети ҳамда Осиё, Европа ва Америка олий ўқув юртлари базасида “Янги Ипак йўли университетлари альянси” фаолият бошлаган.
Хитой 10 йил муқаддам “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига ҳамоҳанг равишда яна бир – “ХХI аср Денгиз ипак йўли”ни очиш ишларини ҳам бошлаб юборган. Ҳозир Осиё, Шимолий Африка ва Европанинг 20 мамлакати қўшилган мазкур ташаббус доирасида кемалар Хитойнинг Цюаньчжоу шаҳридан йўлга чиқиб, денгиз ва уммонлардан сузиб ўтиб, Жанубий Хитой денгизи орқали Жакартага, кейин Ҳинд океани орқали Шарқий Африканинг энг йирик шаҳри – Кения пойтахти Найробига, Ўрта Ер денгизи орқали Греция пойтахти Афинага ва Италиянинг курорт, туризм шаҳри – машҳур Венецияга қадар боради.
2023 йил 10 йиллик юбилейини нишонлаётган “Бир макон, бир йўл” глобал темир йўли тизимининг фойдаланишга топширилган қисмида юк ташиш бўйича бу йил мисли кўрилмаган ютуққа эришилиши башорат қилиняпти.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Буюк Ипак йўли-2” ташаббусига аъзо давлатлар 150, халқаро ташкилотлар 32 тага етиши кутиляпти. Лойиҳа доирасида ҳозиргача 200 дан кўп ҳужжат имзоланди, жами 1 триллион доллар қийматга эга 3 000 дан зиёд инвестиция лойиҳаси илгари сурилди.
Ирисмат Абдухолиқов,
ЎзА сиёсий шарҳловчиси