“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили –амалда
Республика ишчи гуруҳи аъзолари Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги маҳаллалар йиғинларидаги аҳоли хонадонларида бўлиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Жумладан, гуруҳ аъзолари шу кунгача тумандаги “Дўстлик”, Мусоқул Оролов ҳамда Ойбек номидаги, “Учқулоч” ва “Нарвон” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли хонадонларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бажарилаётган ишларни кўздан кечирди.

Маҳаллаларда Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани “Иттифоқ” ҳамда Наманган вилояти Уйчи тумани “Қумтепа” МФЙлари тажрибаси мисолида “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида аҳоли даромадларини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ўрганилди.

Маҳаллаларда, хонадонлар томорқаларида, маҳалладаги тиббиёт поликлиникасида мевали ва манзарали кўчатлар экилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилаётганлиги юқори баҳоланди.
Ишчи гуруҳи, аъзолари шунингдек, тумандаги Ойбек номидаги МФЙда бўлиб, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиб, кўпроқ даромад олиш, кўчат экиш, боғ яратиш тўғрисида тарғибот ишлари олиб борди.

“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини амалга ошириш мақсадида туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам томорқалардан унумли фойдаланиш, кўпроқ даромад олиш бўйича тушунтириш ишлари ўтказилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари