“Бир маҳалла – бир маҳсулот” самараси (+видео)
10 сотихлик томорқасидан даромад топиб, орзулари ушалаётган Эркин Исломовнинг хонадонини маҳалла-кўй яхши билади. Кўпчилик уларни “меҳнаткашлар оиласи” деб ҳавас билан қарашади. Бунга сабаб бор. Ўз меҳнати ва изланувчанлиги туфайли 3 нафар фарзандини нуфузли олийгоҳларда шартнома асосида ўқитаётган оилага ҳавас қилса арзийди.
Улар маҳаллага янги, сердаромад ўсимликни олиб кирдилар. Гап шундаки, авваллари маҳалла томорқаларида брокколи карами етиштирилмаган. Эркин ака ушбу ўсимликнинг хусусиятларини, парвариш қилиш агротехникасини яхшилаб ўрганиб чиқиб, қўшни хонадонларга ҳам ўргатди. Натижада, энди ҳудудда “бир маҳалла-бир маҳсулот” тамойили асосида экспорт ҳам йўлга қўйилди.
- Ушбу карамларни 25 январда экишни бошлаганмиз, -дейди томорқа эгаси Эркин Исломов. – Ундан олдин 40 кун давомида кўчат тайёрладик ва кўчатнинг бир қисмини сотдик. Совуқ кунлари “дуга” ёрдамида иситдик. Март ойидан бошлаб сотишни бошладик. Маҳаллий ўғит берамиз, ер кучли бўлса ҳосил ҳам чиройли бўлади. 2 марта ердан ҳосил оламиз. 2006 йилда шу ҳунарни бошлаган бўлсам, бир-икки хонадон шу иш билан шуғулланарди. Ҳозирда маҳалланинг 80 фоиз томорқачилари шу ўсимликни етиштиряпти.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, брокколли таркибидаги витаминлар, минерал тузлар ва бошқа фаол моддалар турли ёшдаги инсонлар учун фойдали маҳсулот ҳисобланади. Кексаларда атеросклерозга қарши фойдали элементлари ҳам мавжуд. Уни соч толаларини тиклашда, нурланиш касалликларини даволашда, тери ва суяк тўқималарини шаклланишида қўллаш яхши самара беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ge4mNwGpIhA" title="“Bir mahalla – bir mahsulot” samarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА