“Бир маҳалла – бир маҳсулот” самараси (+видео)
Тошкент вилоятида 2023 йилда полиз маҳсулотлари етиштириш 137.1 минг тоннани ташкил этиб, республикамизнинг бошқа ҳудудлари орасида 9 ўринни банд этди. Айтиш керакки, пойтахт вилояти саноат соҳасида республикада олдинги ўринларни эгаллайди ва қишлоқ хўжалиги тармоғида ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам бисёр. Аслида саноати ривожланмаган ҳудудларда деҳқончилик, томорқа хўжаликларини ривожлантириш орқали аҳолини банд этиш яхши самара беради.
Масалан, Бўка туманида шундай имкониятлар мавжуд. Саноати ривожланмаган ушбу ҳудудда Сирдарёнинг “Сайхунобод тажрибаси” каби одамларни иш билан банд этиш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда. Зеро, бу ерда аҳоли ихтиёридаги томорқа ерлари 15-20 сотих ва ундан зиёдни ташкил этади. Жумладан, Шуҳрат Шукуров хонадонининг 6 нафар аъзоси томорқада даромад топади. Жами 50 сотох майдоннинг бирор-бир қарич ери бўш турган эмас. Томорқасининг ярмини 4та иссиқхона эгаллайди ва улар иситилмайди. Йилига 3-4 марта ҳосил олиб, оила 200 миллион сўмдан зиёд даромад кўради. Бозордан деярли маҳсулот сотиб олинмайди. Рўзғор учун ҳам барчаси томорқасидан чиқади.
Умуман бугунги кунда Бўка туманида 25 минг нафар аҳоли ихтиёрида 2800 гектар томорқа ерлари мавжуд бўлиб, нафақат пойтахт аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайдилар, балки хорижга ҳам экспорт қиладилар.
Шу билан бирга “Қорақудуқ” маҳалласида эндиликда паррандачилик ҳам кенг ривожлана бошлади. Жарликда табиий оқиб ўтувчи сизот сувларини қисман тўсиб, сунъий ҳовуз яратган Обиджон Одилжонов қисқа вақт ичида ўрдак ва ғоз кўпайтиришни йўлга қўйди. Ушбу ҳудуддаги ташландиқ бўш турган 12 сотих ерни ўзлаштириб, 130 бош индоутка (ўрдак), 150 бош ғоз кўпайтиришга эришди.
- Томорқанинг ҳар бир қарич еридан мақсадли фойдаланиш, уни даромад манбаига айлантириш борасида ҳозирда томорқачиларимиз ўз ерларининг пастки қисмида жойлашган жарликдан ўзлари ҳисобидан ёки маблағи етмаганларга Фермерлар кенгаши ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан имтиёзли кредитларни олиб, кўл очиб, ўрдак боқишни йўлга қўймоқдалар, - дейди Бўка туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши агрономи Ҳакимжон Пардаев. - “Қорақудуқ” маҳалласида тажриба сифатида қилинувди, ҳозир мана кўриб турганингиздек, томорқа эгалари эътибор қаратиб, шу сой ёқасидаги ташландиқ бўлиб турган ерлардан фойдаланиб, ўрдак боқишни йўлга қўймоқдалар.
Обиджоннинг омилкорлиги қўшниларга ҳам ижобий ибрат бўлди. Эндиликда жарликдаги бўш ерлар бирин-кетин бошқа ташаббускорлар томонидан банд этилмоқда. Ушбу ҳудудда яқин орада ўрдакчилик маҳалласи вужудга келса ажабмас.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/uNQizR-hFLg?si=Lf95_XiKhyBVHOZS" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Муслим Юсупов,
Улуғбек Тўхтаев, ЎзА