
Ватанимиз тарихидаги 10 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1347 йил (бундан 678 йил олдин) – ислом оламида “Шарқ олими”, “Уммат олими”, “Имомлар қуёши” каби номлар билан машҳур бўлган Саъдуддин Тафтазоний йигирма беш ёшида ўзининг “Шархи мулаххас ал-мифтах” китобини ёзиб тугатди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Саъдуддин Тафтазоний нафақат ислом илмлари, балки ўзининг геометрия, математика, фалсафа, мантиқ, адабиёт каби аниқ ва гуманитар фанларга оид кўплаб қомусий асарлари билан ҳам жаҳон илм-фанига катта ҳисса қўшган олим сифатида эътироф этилади.
1874 йил (бундан 151 йил олдин) – хазинага тушадиган даромад кескин камайиб кетгани туфайли Қўқон хони Худоёрхон қўшимча солиқ турларини жорий қилди. Унга кўра, чорва бозорларида сотилаётган қорамол ва от учун бир танга, туя учун икки танга, қўй учун ярим танга, авваллари фойдаланиш текин бўлган қамиш ёки шох-шаббанинг бир аравасидан шаҳар дарвозаси олдида ярим танга, бозордаги бир ўрин учун бир тангадан солиқ олинган.
Шунингдек, Қўқон шаҳрига келтирилаётган маҳсулотларнинг ўндан бир қисми миқдорида, товар сотилаётганда 5 фоиз миқдорида солиқ олинган. Хусусан, ипак ва пахтанинг туясидан 10 танга, чакана буюмларнннг қиймати ва турига қараб – оёқ кийимларнинг бир жуфти учун 2 тийиндан 10 тийингача, бир чорак дон сотилаётганда 2 тийин, бир арава мева ва полиз маҳсулотларидан 1-3 танга, сут ва ёғнинг бир косасидан 1 тийин, ёввойи ўрдак, ғознинг иккитасидан бири, уй паррандасининг ҳар биридан 1 тийин, тухумнинг 100 тасидан 1 танга миқдорида солиқ олинган.
1878 йил (бундан 147 йил олдин) – Тошкент шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва саноат кўргазмаси очилди. Мазкур кўргазма ўн кун давом этди. Уни ўтказиш учун 1877 йил августда Қишлоқ хўжалиги ва саноат кўргазмасини ташкил этиш комиссияси тузилган эди. Кўргазмани доимий ташкил этиб бориш учун маблағ етарли бўлмагани сабаб ушбу комиссия 1879 йили тарқатиб юборилган. Комисиянинг ҳужжатлари Ўзбекистон Миллий архивининг И-575-жамғармасида сақланади. Жамғармада комиссия мажлислари баённомалари, комиссиянинг Туркистон генерал-губернаторига юборган ҳисоботлари, кўргазма бўлинмаларининг таърифи, кўргазмага доир молиявий маълумотлар мавжуд.
1900 йил (бундан 125 йил олдин) – Туркистон ўлкасининг Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидаги ўтроқ аҳоли адирли ва ишлов берилмайдиган ерлар учун ҳам солиқ тўлаши шартлиги белгиланди.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – ўзбек насрининг пешқадам вакилларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев таваллуд топди (вафоти 2007 йил). Адиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” (1968), Давлат мукофоти лауреати (1977), “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” (1980) унвони, “Шуҳрат” (1994) медали, “Дўстлик” (1995) ва “Буюк хизматлари учун” (1997) орденлари соҳиби бўлган.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон республикаси ҳукумати босма нашрларнинг мажбурий нусхаси ҳақида қарор қабул қилди. Қарорга кўра муайян босма нашрлар (китоблар, брошюралар, газеталар ва шу кабиларни) чоп этувчи барча ташкилотлар, нашриётлар ва жисмоний шахсларга, нашрларнинг чоп этиш усули ва тилидан қатъи назар, даврий ва нодаврий нашрларни белгиланган нусхаларда Туркистон Халқ кутубхонаси (ҳозирги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси)га тақдим этиш мажбурияти юкланди.
1956 йил (бундан 69 йил олдин) – Тошкентдаги “Спартак” стадионида тўққизинчи Бутунўзбек спартакиадаси тантанали суратда очилди. Республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг 1800 нафарга яқин энг кучли спортчилари спортнинг 15 тури буйича мусобақалашдилар.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўзбекистон бунёдкори» нашриёт уйини ташкил қилиш ва «Ўзбекистон бунёдкори» газетасини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Тошкент Марказий эко боғи очилди. Ҳудуди 12 га бўлган ушбу боғ Салор дарёсининг Мустақиллик ва Маҳтумқули кўчалари орасидаги ўнг соҳилида жойлашган. Фаолиятининг мақсади – аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш. Боғдаги барча иншоот ва бошқа жиҳозлар бионик усулда, ўткир бурчакларсиз, экологик зарарли материаллардан фойдаланмасдан барпо этилган.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА