Бир контур – бир маҳсулот
Юртимизда томорқа маданиятини шакллантириш, уни қўшимча даромад манбаига айлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда. Бугун аксарият юртдошларимиз томорқа оила учун ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи эканлигини яхши билади.
Кармана туманидаги Шибзон маҳалласида яшовчи Хуршид Тошев ўз меҳнатсеварлиги ва ташаббускорлиги билан кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда. У вилоят ташкилотларидан бирида фаолият юритса-да, бўш вақтида томорқасида меҳнат қилади.

Хуршид Тошев ҳовлисидаги ер майдонидан самарали фойдаланишни мақсад қилган. У мўъжазгина иссиқхона барпо этиб, унда помидор етиштирмоқда. Замонавий агротехника қоидаларига амал қилган ҳолда парваришланаётган помидорлар юқори ҳосил бераётгани унинг меҳнати самарасидир.
Шу билан бирга, у очиқ майдонда картошка экиб, парваришлаб келмоқда. Ерга ўз вақтида ишлов бериш, сифатли уруғ танлаш ва тўғри суғориш тизими орқали Хуршиджон ҳар мавсумда юқори ҳосил олмоқда.

– Инсонда истак ва интилиш бўлса, ҳатто чекланган имкониятларда ҳам катта натижаларга эришиш мумкин, – дейди Хуршиджон. – Томорқачилик нафақат қўшимча даромад манбаи, балки оила дастурхонини табиий ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, бу меҳнат инсонга завқ бағишлайди. 3 сотихлик иссиқхонада йилига 3-4 марта экин экиб оламан. Январь ойи бошларида кўкат эккандим. Яхшигина даромад олдим. Ҳозир помидор экканман. Ҳосилга кириб бошлаган. 6-7 тонна ҳосил олишни режалаштирганман. Кейинчалик бодринг, ундан кейин эса редиска экаман. Хуллас, томорқадан унумли фойдаланган инсоннинг даромади яхши, дастурхони тўкин бўлади.
Кармана тумани Шибзон маҳалласида “Навоий вилоятида аҳоли томорқаси ва ижара ер майдонларида эртанги экинларни экиш ва парваришлаш” бўйича ўтказилган семинарда иштирок этган вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳам Хуршид Тошевнинг томорқада олиб бораётган ишларини алоҳида эътироф этди.

“Шибзон тажрибаси” билан танишиш мақсадида вилоятдаги маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тегишли масъуллар иштирок этган тадбирда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш бўйича намуна кўрсатиб келаётган, томорқадан унумли фойдаланган бир гуруҳ хонадон эгалари тақдирланди.
Таъкидланганидек, томорқадан унумли фойдаланиш аҳоли даромадларининг ошишига ва турмуш тарзини сезиларли даражада яхшилаш имконини бермоқда. Шибзон маҳалласида истиқомат қилаётган томорқа эгалари томонидан олиб борилаётган ишлар эса бунга яққол мисолдир.

– Ҳудудимиз деҳқончилик ва иссиқхоначиликка ихтисослашган ҳудудлардан ҳисобланади, – дейди маҳалла раиси Абдулло Эргашев. – Бугунги кунда маҳаллада 1126 та хонадонда 5481 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Хонадонларга қарашли томорқа ерлари 115,5 гектарни ташкил этади. Аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали ўз даромадларини оширмоқда. Айни пайтда маҳалламиздаги 200 га яқин хонадонда иссиқхоналар мавжуд бўлиб, бир мавсумда 4 маротабагача ҳосил олинмоқда. Ҳар мавсумда 100-200 миллион сўм атрофида даромад қилинади. Шунингдек, 100 гектар майдон 390 нафар ишсиз ёшларга бўлиб берилган.
Семинар иштирокчилари хонадонларда бўлиб, ердан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни янада ошириш борасида ўзаро тажриба алмашди.
А. Бўриев, ЎзА