Бир институтдан 35 талаба мамлакат чемпионатига йўл олди
Наманган муҳандислик-технология институтида нафақат таълим сифатига, балки талаба-ёшларни мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Олий ўқув юртининг жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи, доцент, мураббий Улуғбек Қўчқоров қўл остида юзлаб талаба ёшлар дарсдан кейинги пайтда спортнинг шарқона яккакураш турлари сир-асрорларини ўрганмоқда. Сўнгги йилларда биргина, муай-тай турининг ўзидан 14 нафар спорт устаси етишиб чиқди. Шунингдек, 2 нафар жаҳон, 4 нафар Осиё, 50 дан ортиқ Ўзбекистон чемпионлари тарбияланди. Талабалар орасида 122 нафардан зиёд мамлакат чемпионати совриндорлари ҳам бор.

Институтнинг 35 нафар талабаси куни кеча якунига етган муай-тай бўйича Наманган вилояти биринчилигида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олиб, Ўзбекистон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Энди улар жорий йилнинг 24-29 март кунлари Наманганда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатида вилоят шарафини ҳимоя қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА