Бир ҳудудда 25 та меҳмон уйи иш бошлади
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 25 та оилавий меҳмон уйини ташкил этган тадбиркорларга сертификатлар топширилди. Таъкидлаш жоизки, Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари бугун мана шундай натижаларга эришишга замин яратяпти.
Мазкур меҳмон уйлари туманнинг Оқтош, Ҳожикент, Новобод, Чимён, Юсуфхона, Сижжак, Дадабоев, Товоқсой ва Писком МФЙларида ўз фаолиятини бошлади. Қувонарлиси, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида 30 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди.
– Тадбиркорлик қилиш учун барча имкониятлар мавжуд, ҳатто пулсиз ҳам иш бошлаш мумкин, – дейди меҳмон уйи эгаси, тадбиркор Алфия Темирбаева. – Ҳудуднинг сўлим табиати, кишига ёқувчи ҳавоси барчани йил бўйи чорлайди. Бу ерга келиб ҳордиқ чиқариш ниятидагилар кўп, фақат уларга зарур шароит яратсак бўлгани, қиладиган ишларимиз орқали даромадимиз ҳам ошади.

– Ҳозирги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланаётган туман аҳолиси ўз ўзини банд қилиш борасида бошқаларга ўрнак бўляпти, – дейди вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси Тадбиркорлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Шербек Жиянов. – Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш орқали туристларга доимий хизмат кўрсатиш қамрови ошяпти. Бу соҳада янги иш бошлаганларга мувофиқлик сертификатини топширяпмиз. Улар ҳам хурсанд. Сайёҳлар мароқли дам олишдан, иш тополмай юрганлар ишли бўлишдан манфаатдор.
Келгусида Тошкент вилоятида бундан ҳам яхшироқ хизмат кўрсатиш ва кўплаб жойлаштириш жойлари сайёҳларни қабул қилиш учун ҳозирланмоқда.
А.Мусаев, ЎзА