Бир гуруҳ педагоглар мукофотланди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан пойтахтимизда жойлашган Симпозиумлар саройида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан “Йил сарҳисоби” тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари, умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ҳамда педагоглар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, айни вақтда тизимдаги мавжуд 10 мингдан ортиқ мактаб ва 38 мингдан ортиқ мактабгача таълим ташкилотида 700 минг нафарга яқин педагог 8,7 миллион нафарга яқин тарбияланувчи ва ўқувчиларга таълим ва тарбия бериб келмоқда.
Жорий йилда 4 минг 644 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражаси 76 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови 96 фоизга етказилди.

Янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1 минг 500 тага (2023 йил – 500 та) етказилди. Бунда ўтган йилги баҳолашда иштирок этган 500 та мактаб ичида жараёнларни самарали йўлга қўйган мактаб жамоаларига 40 фоизгача устама тўлаб келинмоқда. Ўтган ўқув йилида ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириш даражаси 6 фоизга ошган.
Жорий ўқув йилининг биринчи чорак натижаларини ўтган ўқув йилининг худди шу даври билан солиштирганда ўқувчиларнинг билим олиш даражаси 4 фоизга ошганини кўриш мумкин.
Яна бир муҳим жараён сифатида малака тоифаларини бериш тизими мутлақо янги тартибда амалга оширилди. Шунингдек, минг нафар амалдаги директор ва 1 600 нафар номзод “Менежерлик ўқув курси”да ўқитилиб, 1 минг 800 нафарига сертификат берилди.
Тадбир давомида жорий йилда алоҳида аҳамиятли ютуқларга эришган бир гуруҳ умумтаълим, мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ва педагоглари “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
Тадбир сўнгида “Турон” театри ёш ижодкорлари ижросида Абдулла Авлоний қаламига мансуб “Адвокатлик осонми” спектакли ҳамда маданий дастурлар ҳам намойиш этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА