Бир гуруҳ диний соҳа ходимлари мукофотланди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан турли жабҳаларда фаол меҳнат қилаётган, ўз соҳасида олиб бораётган самарали фаолияти орқали барча юртдошларимизга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ҳамюртларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланганди.
Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида бир гуруҳ таниқли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар, моҳир мударрислар, фаол отинойилар ва диний соҳа ходимларини “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлаш тадбири бўлиб ўтди.
[gallery-3638]
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, нуфузли уламолар, исломшунос олимлар, тажрибали имом-хатиблар ва диний соҳа ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар 2021 йил мамлакатимизда тарихий воқеаларга бой йил бўлаётгани, энг асосий воқеаларидан бири – Ўзбекистон ўз мустақил йўлини танлаганига 30 йил тўлиши, ушбу буюк неъматга эришиш йўли нақадар мураккаб бўлгани ва шундай дориломон кунларда яшаётганимизга шукроналар айтиш, шу маънода, мустақилликнинг қадрига етишимиз ҳар биримиз учун муҳим эканини алоҳида таъкидлашди.
Мукофотланганлар орасида диний-маърифий соҳада фидокорона меҳнат қилаётган таниқли уламолар, тажрибали имом-хатиблар, жонкуяр мударрислар ва диний соҳа ходимлари бор. Тақдирланганлар сафида юртимизда фаолият юритаётган бошқа дин вакилларининг ҳам борлиги, мамлакатимиздаги диний бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир.
Ушбу юксак мукофотга сазовор бўлганлар мамлакатимиз равнақи, динимиз ривожи, элимиз фаровонлиги йўлида янада ғайрат билан меҳнат қилишга ваъда бердилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Шоазим Минаваров қатнашди.
Файзулло Яҳёев, Оқил Гуломов (расм), ЎзА