Бир бутун бўлсак, агар...
Дўстлик ҳақида сўз кетгганда халқимизнинг қаҳрамон шоири Эркин Воҳидовнинг “Дўст билан обод уйинг...” шеъри ёдга тушади. Зеро, “дўст тутин, дўст топ жаҳонда, дўстинг юз минг бўлса оз...”
Ўша битикни ўқир экансиз, гўзал таъриф-у тасниф кўнгилни ажиб ҳисга ошно этади. Инсон қадр-қиммати, дўстликнинг аҳамиятини янада теран англайсиз. Истаймизми, йўқми ҳар ким дўст-душман орасида умргузаронлик қилади. Яхшилик ва ёмонлик инсониятнинг азалий сифатлари экани ҳам маълум. Шукур-ки, умуминсоний манфаатда кўпинча яхшиликнинг қўли баланд келади. Ёвузлик, ёмонлик истаги, ҳаракати нечоғли яширилмасин, эртами-кечми, сир очилади. Адолат эса жабрдийда бўй-бастини албата кўрсатади.
Ақл-заковат, тинчлик туфайли инсон тасаввурига сиғмас кашфиёт-у муъжизавий ютуқлар соат сайин янгиланмоқда. Бугун фойдаланиб турганимиз – ахборот технологиялари ривожи бизни фаол истеъмолчига, кундалик турмуш тарзида ўта муҳим эҳтиёжмандга айлантирган.
Айни тезкор тараққиёт ўзаро дўстона алоқаларда ҳам ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Дунёнинг исталган жойидаги таниш билан смартфон орқали кўришиб, гаплашиш энди оддий ҳол.
Яқин-яқингача қўшнилар билан борди-келди узилган даврларда яшадик. Давлатмиз раҳбарининг қатъий шижоати, инсонпарварликка йўғрилган сиёсати билан бундай ёқимсиз ҳолатларга барҳам берилиб, ўзаро ҳурмат эшиклари очилди. Бундай чақириққа қардошларимиз ҳам “лаббай” дея пешвоз чиқишди. Узоғимиз яқин бўлди, азалий қон-қардошлик риштаси қайта боғланди. Бугун қадим анъаналаримиз сайқаллашиб, янгича шакл, мазмун касб этмоқда. Адабий алоқалар, санъат ва маданиятдаги ҳамқадамлик, оддий одамлар борди-келдиси кучайди. Буларнинг барида тинчлик, бирлик, аҳиллик ва осойишталикнинг тоза ҳавоси, нафаси, нигоҳларда эса самимият, талпиниш, чеҳраларда илиқлик, тинчик аталмиш улуғ салтанатнинг кўрки, бўй-басти намоён.
Дунёда содир бўлаётган турли урушлар хотиржамликни йўқотиб, одам боласини бесаранжом, безовта қилиб қўйди. Ҳою-ҳавас ўрнини хавотир эгаллади. Бугун дунё аҳли нигоҳи ахборот майдонига қадалиб қолди. Йўлини йўқотган йўловчидай кўзи гирён, таҳликада яшаётган айрим халқлар борки, тинчликни нон ва сувдек қадрли, азиз неъматлигини ҳар лаҳзада ич-ичидан ҳис қилиб турибди.
Модомики, инсон ҳаётига таҳдид бор экан, ҳадик ва қўрқув ҳам у билан бирга. Асрлар оша юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тотув яшаб келади. Улар ягона оилага бирлашиб, Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшмоқда.
Жамиятимизда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Турли халқлар урф-одати, анъаналарини асраш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратилган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизми такомиллаштирилмоқда. Кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини республикамизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатлик янада мустаҳкамламоқда. Чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсати устувор йўналишига айланган.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган ташаббуслари асосида ноёб тизим яратилди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида халқимизга хос азалий, бағрикенгликка таянган эзгу қадриятимиз асосида миллатлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, Марказий Осиёда яхши қўшничиликни ривожлантириш орқали ҳар қандай масала бўйича самарали мулоқот йўлга қўйилди.
Кўп бўлсанг, қудратли, қўрқмас бўлсанг,
Илмда пешқадам-у самода шунқор бўлсанг,
Илм-у урфон боғида мумтоз, миришкор бўлсанг,
Тинчлик, деган сарҳаднинг нурамас тоғи бўлсанг,
Дунё аҳли ичинда тенги туш суҳбат қурсанг,
Шу сенинг борлигингдир.
Ҳурматда тенглигингдир.
Баъзан, кўнгилдан кечадиган сурурни сўзга тизгунча, нигоҳлардаги қувонч ва ифтихорни кўзлар ифодалайди.
Шукурки, юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг осойишта турмуш тарзи ва ҳаётини, республикамиз бўйлаб кезсангиз, кўрасиз, гувоҳ бўласиз. Дашт-у далада, ишлаб чиқариш ё тадбиркорликда, турли тадбир ва йиғинларда тинчликни, беқиёс хотирижамликни кўриб, қувонасиз. Дунё саҳнидаги ютуқларимиз юртлар бирлиги, тинчлиги рамзи бўлиб хизмат қилаверсин.
Абдуғафур Маматов, ЎзА