Бир-биримизга жигарсўз бўлайлик!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг 2019 йилдаги йигирманчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деган эди:
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг 2019 йилдаги йигирманчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаб, жумладан, шундай деган эди: “Биз ўз фаолиятимизни бошлаган дастлабки кунлардан эътиборан сиз, ҳурматли халқ вакиллари билан барча муҳим вазифаларимиз қаторида иккита энг асосий масалага алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида келишиб олган эдик. Буларнинг биринчиси – жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўлса, иккинчиси – аҳолимизнинг соғлиғини муҳофаза қилишдир. Ҳаммамиз тушунамиз, тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир...” деган эди.
Бу ҳаётий ҳақиқат коронавирус пандемияси дунёни ташвиш солиб кезиб юрган бир вақтда яна қадр топди. Шу кунларда мамлакатимизда ҳам аҳоли соғлиғини сақлаш ва тинчликни таъминлаш бобида мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тўғри қарор...
...Бизга қўшни кўп қаватли уйда яшовчи аёлда илк коронавирус инфекцияси аниқланганига ҳам ҳаш-паш дегунча 50 кун бўлибди. Касални яширмадик, вазиятни сир тутмадик. Айтишга осон, бундай шароитда тўғри қарор қабул қилиш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолади. Зудлик билан карантин чоралари кўрилди: жамоат транспортлари тўхтатилди, овқатланиш ва бошқа маиший шохобчалар, дўконлар, бозорлар фаолияти вақтинча тўхтатилди (озиқ-овқат дўконлари ва деҳқон бозорларидан ташқари), таълим масофавий шаклга ўтказилди. Бу каби тадбирлар самарасини эса мана бугун кўриб турибмиз, кўнглимиз бир қадар таскин топган.
Саховат ва кўмак
27 апрелда Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия, “Саховат ва кўмак”, “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондларига, шу жумладан, уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий қўллаб-қувватловга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз ёрдам берилиши кўзда тутилган.
Бугина эмас, ушбу Фармон билан саховатпеша тадбиркорлар, аҳолини иш билан таъминлаб, камбағалликка қарши курашаётган, мамлакатимиз бюджетини шакллантиришда етакчи ўрин тутадиган корхоналарга ҳам беғараз ёрдам берилади. Чунки, минглаб саховатпеша халқимиз билан бирга айнан, шу тадбиркорлик субъектлари Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” ҳамда “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондларининг шаклланишига ҳисса қўшишди.
Яна бир мулоҳаза...
Ҳар куни қайсидир давлатда нотинчликлар туфайли қанча-қанча бегуноҳ кишилар, ачинарлиси аёллар ва болалар жон таслим қиляпти. Кўплаб нуфузли давлатлар қирғинбарот қуроллар ишлаб чиқариш бўйича ким ўзар ўйинини давом эттирмоқда. Қизиғи, улар бу каби ачинарли ҳолатларни кўриб, кузатиб, ҳатто мақтаниб ҳам қўйишади. Мамлакатимиз раҳбари эса тинчлик ва соғликни ҳеч қандай қуролга алмашмайди. Бунинг ўрнига, омонликни хуш кўрадиган инсонлар учун гўзал ва бетакрор иморатлар, кўприклар, йўллар қурмоқда.
Ахир, энг аввало, қўшниларимизга, кейин туркий давлатларга, сўнг дунёдаги ҳар бир давлатга тинчлик, ўзаро тенг манфаатлар асосида ҳамкорликни ким таклиф қилди? Ўтган қисқа вақтда бунга ким эришди? Албатта, Президентимиз. Шу ўринда Аҳмад Донишнинг: “Кимки ақлсиз бўлса, у одил ҳам эмас” деган пурмаъно гаплари ёдимга келади. Шу улуғ зот: “Ақл ва давлатни бир-биридан ажратиб бўлмайди, ақлсиз одамлар мамлакатни идора қила олмайди” деб хитоб қилган экан. Президентимизнинг ақлли сиёсатини кўриб бу гаплар ғоят ҳақиқат эканига иқрор бўламиз...
Ҳаёт сабоқлари
Устозларим доим тўғри яшашни, рост ва очиқ гапиришни ўргатган. Аслида бу феъл қонда бор. Отам Тоштемир Эсиргадиев ҳалол, меҳнаткаш киши эди. Падари бузрукворим 40 йил пахта суғорган. Чироқчидаги минглаб уйнинг томини ёпган – қўли гул уста ҳам эди. Бешик, дўмбира ясарди. Раҳматли 82 ёшида оламдан ўтди. Ҳаётининг сўнгги куни, сўнгги дақиқасигача тилдан ҳам, оёқдан ҳам қолмасдан жон таслим қилди.
Буни нимага айтаяпман? Ҳаётга тўғрилик ва яхшилик билан ёндашсак эзгулик марраси бизники бўлади. Достоевскийнинг “Дунёни гўзаллик қутқаради” деган гапини яхши кўраман. Турмуш ўртоғим билан беш фарзандни ҳалол луқма бериб вояга етказганимиздан қувониб яшаяпмиз. Шу эмасми, бизни қутқариб келаётган гўзаллик. Ҳаётда шу гўзалликни кўра олмайдиган, дунёга эгалик ҳисси билан яшаётган, ғирромликни ўзига ошно қилиб, демократия ниқоби остида ер-юзига жар солаётган давлатларнинг ҳатти-ҳаракатини кўриб-билиб туриб, тўғриси, уларга ачинаман. Улар ўз мамлакатини дунёда буюк қиламиз, деб ҳайқирмоқда. Нега “Дунёни буюк ва гўзал қиламиз”, демаяпти. Шунинг учун ҳам улар ноҳақ. Бегуноҳ қон тўкиш ёмон. Халқ нафрати ёмон...
Матонат ва ҳамжиҳатликнинг мукофоти бор
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Кимнинг халққа фойдаси тегиб, шу фойдаси туфайли ҳаловат топса, ўша одам эзгудир”, деган ҳикматини эслайлик...
Бугун шифокорларимиз коронавирусга қарши курашда жонфидолик қилиб, жаҳондаги касбдошларига намуна бўлмоқда, ҳарбийларимиз куну тун ухламаяпти. Сардоба сувидан жабр кўрган аҳоли уйларини тиклашдаги меҳнатини бир кўринг, кўзингизга ёш келади, фахрланиб кетасиз.
Устозлар уйида эртадан кечгача ўқувчиларига ҳаёт мазмунини тушунтириш билан оввора, чарчамайди... Уларга минг раҳмат.
Ҳар биримиз эзгу мақсад сари бирлашдик. Президент Шавкат Мирзиёев бу ишлар бошида барчамизга намуна кўрсатиб турибди. Матонат, сабр ва ҳамжиҳатликнинг мукофотини – фараҳли кунларни тезда кўргаймиз, иншааллоҳ.
Яна бир гап...
Бугун дунёга ўқ-ёйи, даҳшатли бомбаси билан ваҳм солиб турган мамлакатлар ҳам кичик зарра олдида бош эгиб турибди...
Бас, оқибат йўқолмасин, бир-биримизга жигарсўз бўлайлик!
Эркин ЭСИРГАДИЕВ,
журналист.