Бир банкда киберхавф аниқланса, бошқа банклар ҳам реал вақтда огоҳлантирилади
Банк тизимида киберхавфсизлик масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки бир ташкилотга қилинган киберҳужум қисқа вақт ичида бошқа молия ташкилотлари ёки уларнинг мижозларига ҳам хавф туғдириши мумкин. Энди бундай таҳдидларни аниқлаш ва уларга қарши чора кўришда банклар ўртасида тезкор ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Марказий банкнинг «CERT-CBU» Киберхавфсизлик маркази томонидан тегишли давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда молия бозори иштирокчилари ўртасида кибертаҳдидлар ҳақида реал вақт режимида ахборот алмашиш тизими жорий этилди.
Янги тизимнинг моҳияти шундаки, агар бир банкда янги фишинг ҳаволаси, зарарли интернет-ресурс, шубҳали IP-манзил ёки киберҳужум билан боғлиқ бошқа хавф белгиси аниқланса, бу ҳақдаги маълумот тизимнинг бошқа иштирокчиларига ҳам тезкор равишда етказилади. Масалан, бир банк мутахассислари мижозларга юборилаётган шубҳали ҳаволани аниқласа, ушбу маълумот бошқа иштирокчилар учун ҳам сигнал вазифасини бажаради. Натижада улар таҳдид ўз тизими ёки мижозларига етиб бормасидан олдин тегишли ҳимоя чораларини кўриши мумкин. Шу тариқа, киберхавфга қарши курашишда ҳар бир ташкилот алоҳида ҳаракат қилмайди, балки ягона ахборот майдонида ҳамкорлик қилади.
Айни пайтда ахборот алмашиш тизимига, барча тижорат банклари, барча тўлов, тизими операторлари, Валюта биржаси, Кредит ахбороти таҳлилий маркази (КАТМ) кредит бюроси, 20 та тўлов ташкилоти уланган. Улар орасида ATTO, Alif, Atmos, Beelab, Choykhona, Click, Freedom Pay, Open, Global Solutions, Oson, Paylov, Payme, Paynet, Payze, Plum Technologies, Infinity Pay, Sello, «Ўзбекистон почтаси», Uzum Nasiya ва Devhub каби ташкилотлар бор.
Мазкур механизмнинг энг муҳим жиҳати — кибертаҳдид аниқланганидан кейин унга жавоб бериш вақтини қисқаришига эришилади. Аввал бир ташкилотда аниқланган хавфни бошқа иштирокчилар мустақил равишда аниқлашига тўғри келган бўлса, энди улар тайёр сигнал асосида профилактик чора кўриши мумкин. Бу эса зарарли ресурсларни блоклаш, шубҳали фаолликни назорат қилиш ва мижозларни огоҳлантириш каби чораларни тезроқ амалга ошириш имконини беради.
Бундай ёндашув кибертаҳдидларнинг молия тизими бўйлаб тарқалиш хавфини камайтириш, ҳужумларга тезкор жавоб қайтариш ва аҳолининг рақамли молиявий хизматлардан фойдаланишда хавфсизлигини оширишга хизмат қилади. Технологик ҳимоя қанчалик кучли бўлмасин, фирибгарликнинг олдини олишда фойдаланувчининг ҳушёрлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу сабабли Марказий банк фуқароларни яна бир бор огоҳлантиради: банк картасининг махфий маълумотлари, SMS орқали келган тасдиқлаш кодлари, пароль ва бошқа хавфсизлик маълумотларини ҳеч кимга айтмаслик керак.
Айниқса, ўзини Марказий банк ёки банк ходими сифатида таништириб, карта маълумотларини сўрайдиган, SMS-кодни айттиришга ёки пулни бошқа ҳисоб рақамига ўтказишга ундайдиган шахсларга ишонмаслик лозим. Банк ходими сиздан карта PIN-коди ёки SMS орқали келган тасдиқлаш кодини сўрамайди. Шубҳали қўнғироқ ёки хабар келганда эса мулоқотни тўхтатиб, банкнинг расмий алоқа каналлари орқали маълумотни текшириш энг тўғри йўлдир.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА