Бир асрнинг икки даҳоси
Андижон давлат педагогика институтида “Бир асрнинг икки даҳоси” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.
Буюк мутафаккир, ўзбек тилининг асосчиси Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан мутахассислик ва номутахассислик таълим йўналишида ўтказилган иншолар танловида талабалар фаол иштирок этди.

– Ҳар бир талаба Навоий, Бобур ҳаёти ва ижодини яхши билиши шарт, – дейди Андижон давлат педагогика институти ректори, профессор Бахтиёржон Расулов. – Шу маънода танловнинг асосий мақсади халқимизнинг икки буюк даҳоси ҳаёти, фаолияти, ижоди, ўлмас асарлари, умуман, жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида талабаларнинг билим ва тушунчаларини синовдан ўтказиш, янада бойитиш, қолаверса, уларнинг адабиёт, тарихга бўлган қизиқишини ошириш, ижодий салоҳиятларини юксалтиришга қаратилди.

Белгиланган иншо ёзиш талаблари доирасида танлов иштирокчилари мавзуни чуқур таҳлил қилиб, буюк даҳолар ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз мулоҳазаларини, улар асарларининг маънавий, маърифий, тарбиявий аҳамиятини ёритишди.

Якуний натижаларга кўра, мутахассислик йўналиши бўйича филология факультети ўзбек тили ва адабиёти йўналиши 1-босқич талабаси Зулфияхон Тўланова, номутахассислик йўналиши бўйича мактабгача таълим факультети мактабгача таълим йўналиши 1-босқич талабаси Мастурахон Фозилова ғолибликни қўлга киритди.
Иншолар танловининг ғолиб ва совриндорлари институт ректорати томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари