"Бир асар — бир умр" номли ёпиқ хайрия кўргазмаси
Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида "Бир асар — бир умр" номли ёпиқ хайрия кўргазмаси бўлиб ўтди.
Онкологик касалликка чалинган болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг таниқли ва истеъдодли рассомлари томонидан яратилган асарлар намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур тадбир санъат, меҳр-оқибат ва ижтимоий масъулиятни бирлаштирган ҳолда жамият эътиборини болалар онкологияси муаммоларига қаратиш, шунингдек оғир хасталик билан курашаётган болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Асарлардан тушган маблағлар тўлиқ равишда болаларнинг даволаниши ва операция харажатларини қоплаш учун йўналтирилади.
Лойиҳа доирасида йиғилган маблағлар мақсадли ва шаффоф тарзда йўналтирилади. Даволаниш жараёни ва маблағлардан фойдаланиш бўйича ҳисоботлар ҳамкор ташкилотлар ва иштирокчиларга тақдим этилади.

«Бир асар — бир умр» лойиҳаси ҳар бир санъат асари нафақат эстетик қадрият, балки инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкинлигини намоён этади. Ҳар бир харид қилинган асар — бир боланинг ҳаётга бўлган умидини мустаҳкамлайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА