Бильярд ўйнаш учун тўпланадиган пайтми?
Элнинг бошига ташвиш тушган пайти кўнгилочар машғулотлар билан шуғулланиш одобсизлик, жамият ахлоқий меъёрларига зид, уят, элни менсимаслик ҳисобланади.
Элнинг бошига ташвиш тушган пайти кўнгилочар машғулотлар билан шуғулланиш одобсизлик, жамият ахлоқий меъёрларига зид, уят, элни менсимаслик ҳисобланади.
Афсуски, бутун дунёда одамлар коронавирус инфекциясига қарши кураш ташвиши билан банд бир пайтда таъқиқланган кўнгилочар машғулотларни тўхтатмаётган, одам тўплаб тадбирлар ўтказувчилар ҳам учраётгани ўта ачинарлидир.
Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Шароф Рашидов тумани Халқобод маҳалласи йиғини ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўйнатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.
Ушбу маҳалладаги “Олтин тож” савдо мажмуаси ертўласида яширинча ташкил қилинган бильярдхонада 4 нафар фуқаронинг ўйини авжига чиққан пайтда тўхтатилди. Маълум бўлишича, билярдхона фаолиятини туманнинг Қатартол маҳалласида истиқомат қилувчи И.М. юритиб келаётган экан.
Ички ишлар ходимлари томонидан ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати тегишли тарзда расмийлаштирилиб, 10 дона кий таёғи, 32 дона бильярд тошлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Жиззах вилоятида карантин эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар белгиланган тартибларга амал қилмаслик билан боғлиқ 1 минг 673 та қоидабузарлик содир этилган.