Билимли, иқтидорли ёшлар – юрт таянчи
Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билимларни эгаллаши, ўз ғоя ва “стартап” лойиҳаларини амалга ошириши учун барча шароитлар яратилмоқда. Бу борада жойларда фаолият юритаётган ёшлар технопарклари муҳим аҳамият касб этаётир.
Навоий вилоятидаги ёшлар технопарки ҳам иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши, ижтимоий мослашувига хизмат қилмоқда.

–Технопаркда робототехника, мехатроника, электроника, дастурлаш тиллари, социал медиа маркетинг, инглиз, рус, хитой тиллари, компьютер саводхонлиги курслари ташкил этилган, – дейди Навоий ёшлар технопарки директори Аброр Абдиғаниев. – Бу ерда иқтидорли ёшлар, ёш олимлар, олий таълим муассасалари талабалари, тадқиқотчилар лойиҳаларни яратиш, тижоратлаштиришни амалга оширувчи технологик майдон сифатида фаолият олиб боради. Ёшларни инновацион тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали “стартап” корхоналар сони кўпайтирилади, ёшларнинг бандлиги таъминланади ва меҳнат бозорида қўшимча иш ўринлари яратилади. Шунингдек, бу ерда янги илмий ишланмалар ва “стартап” лойиҳаларни технопарклар, компаниялар билан ҳамкорликда ишлаш тизими йўлга қўйилади. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда ёшларни интеллектуал, илмий, ижодий салоҳияти оширилади.

Яқинда технопаркда интерактив лед доска ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “AB Creative” хусусий корхонаси ҳамда Навоий Ёшлар технопарки ўртасида тузилган шартномага асосан ушбу дастурий қурилма видео дарслик яратиш, онлайн ва масофавий таълимни, вебинар ва конференцияларни сифатли ташкил этиш учун инновацион ечим ҳисобланади. Ушбу стартап лойиҳа доирасида 5 та янги иш ўрни яратилди.

– Ушбу лойиҳа устида ишлашимга бир қатор муаммолар туртки бўлди, –дейди лойиҳа асосчиси Баҳодир Абдуллаев. – Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда интернет тармоғида ўзбек тилли аудитория учун сифатли видеоконтентлар етарли даражада эмас. Флипчарт, интерактив доскалар ва видеопроекторлар видеодарсликларда кенг қўланилиши масофавий таълим олаётган тингловчиларга ва ўқитувчиларга ўзига хос ноқулайликлар туғдиради. Масофавий таълим учун қўлланиладиган технологиялар эса асосан хорижда ишлаб чиқарилади ва уларни сотиб олиш, олиб келиш харажатлари жуда қиммат. Ушбу лойиҳа видео дарслик яратиш, онлайн ва масофавий таълимни сифатли ташкил этиш учун EdTech ҳамда AR технологиясига асосланган инновацион видео студияни ўз ичига олади.
Ушбу студия ёрдамида дарс ўтиш жараёнида махсус сенсорли шаффоф шишада ёритиш чироқлари орқали маркер ёки стилус билан турли ёзув, формула, чизма ва шакларни чизиш мумкин. Энг асосийси, улар ёрқин рангда ажралиб туради. Доскада мавзуни ёзувлар билан тушунтириш жараёнида графика, анимация ва тақдимотларни видеотасвир орқали тушунтириш мумкин. Шу билан бирга барча жараёнлар реал вақтда ва қўшимча таҳрирларсиз (монтаж қилмасдан) компьютер дастури ёрдамида амалга оширилади.

Бугунги кунда юртимизда иқтидорли ва истеъдодли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Улар учун турли танловлар ташкил этилиб, муносиб рағбатлантириляпти. Технопаркнинг инновацион лойиҳаларни жалб қилиш ва саралашни ташкил этиш бўлими етакчи мутахассиси, Навоий давлат педагогика институтининг инглиз тили ва адабиёти факультети 2-босқич талабаси Лобархон Жалолова Бишкекда ўтказилган “Central Asian Debate Tournament” чемпионатида иштирок этди. Инглиз тилида ўтказилган чемпионатда у Ўрта Осиёнинг энг кучли нотиқлари ТОП бешталигидан жой олди.
Албатта, истеъдодли ёшларнинг ташаббуслари давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги, уларнинг илмий изланишлари учун зарур шарт-шароитларнинг яратилаётганлиги ўз ижобий натижасини беради ва бу юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилади.
Абдували Бўриев,
ЎзА