“Билимлар куни” тадбирида ёшлар фаол иштирок этди
Жиззах шаҳридаги Президент мактабида ташкил этилган “Билимлар куни” тадбирида Жиззах вилояти ҳокими иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, Жиззах шаҳридаги Президент мактаби академик директори жаноб Номан Хан сўзга чиқиб Янги Ўзбекистон келажагини мустаҳкам яратишга пойдевор бўладиган илм маскани – Жиззах шаҳридаги Президент мактаби ўқувчи ва ўқитувчилар жамоасини янги ўқув йили – “Билимлар куни” билан самимий қутлади.
“Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самараларини бераётгани, жорий йилнинг 28 август куни давлатимиз раҳбари раислигида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мутасаддилар зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда Президентимизнинг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида халқ таълими тизимидаги янгиланишлар кўлами кенгайтириб юборилганлиги таъкидланди.
[gallery-13435]
Мазкур қарорга асосан республикамизда ташкил этилган Президент мактабларини бу йил кўплаб иқтидорли ёшлар, яъни биринчи қалдирғочлар битириб, дунёда рейтинги баланд халқаро ва миллий университетларга ўқишга кирди.
Ушбу Президент мактабининг янги ўқув йилига 5-синфига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган уч ярим минггa яқин ўқувчилар орасидан икки босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган 24 нафар иқтидорли ўқувчи мазкур таълим муассасасида жорий янги ўқув йилида ўқишни бошлади.
– Президент мактаби ўқувчилари – Она ватанимиз маънавий бойлиги, “Олтин фонди” ҳисобланади. Сизнинг орангиздан ҳозирги замоннинг, Янги Ўзбекистоннинг Ибн Синолари, Берунийлари, Ал Хоразмийлари, Ал Фарғонийлари, Улуғбеклари етишиб чиқишига ишонаман, – деди вилоят ҳокими ўз табрик нутқида.
Мазкур ўқув муассасасидаги 120 ўринли ошхонада барча шароитлар яратилган. 50 ўринли мактаб кутубхонасида 9 минг 500 нусхадан зиёд энг сара китоб ва қўлланмалардан иборат китоб фонди мавжуд. Ётоқхонада ўқувчиларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш ва дам олишлари учун барча шароитлар яратилган.
Энг муҳими, мактабдаги ўқув-тарбия жараёнлари халқаро Кембридж Эссессмент Интернейшнл Эдикейшн (Cambridge Assessment International Education) таълим системаси ва маҳаллий тизимимизнинг интеграциялашуви асосида ташкил этилган. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг иқтидори, аниқ фанлар ва технологияларга қизиқиши, яратувчанлик салоҳиятини ўстиришга хизмат қиладиган робототехника, моделлаштириш, креатив ижод тўгараклари, физика, кимё, биология каби табиий фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўзлаштириш имконини берадиган лаборатория хоналари ташкил этилган.
Бугунги кунда Жиззах шаҳридаги Президент мактабида Филиппиндан 4 нафар, Ҳиндистондан 2 нафар, Покистон, Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатларидан 1 нафардан жами 9 нафар хорижлик малакали ўқитувчи ёшларга таълим бермоқда.
Мана шу каби юқори сифатли таълим шароити, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизнинг яқин келажак истиқболи учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб бериши шубҳасиз.
Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 2022-2023 ўқув йилида 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернат ташкил этилгани ҳам ёшлар учун катта имкониятлар эшигини очди.
Ушбу ўқув йили учун Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилган ихтисослаштирилган мактабларнинг аниқ ва табиий фанлар йўналишига янги ўқув йили учун ҳам ўқувчилар қабули бўлиб ўтди. Айни пайтда, Жиззах вилояти бўйича 13 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ташкил этилган бўлиб, ушбу мактабларга 12 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган ва уларнинг 2 мингга яқини барча туманларда ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактабларнинг 5-7 синфларига ўқишга қабул қилинди.
Агентлик тизимидаги таълим соҳасидаги илғор тажрибаларни, энг яхши таълим дастурларини, яратилган дарсликларни босқичма-босқич ушбу мактабларда ҳам жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, агентлик ёшларнинг чуқур билим соҳиби ва комил шахс бўлиб тарбияланиши учун барча шароитларни яратишда таълим тизимидаги муҳим аҳамиятга эга бўғин вазифасини бажариши шубҳасиз.
Шу ўринда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаб ўқувчиларининг дастлабки ютуқлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.
Жорий йил давомида 17 тадан зиёд халқаро танлов ва олимпиадаларда ўқувчилар иштирок этиб, Жиззах шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган мактабнинг 8-синф ўқувчиси Дурахшон Алахонов Ал-Хоразмий олимпиадасида 15 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида бронза медалини қўлга киритди. 6 нафар ўқувчи эса “Эл-юрт Умиди” жамғармаси ғолибларига айланди. 11 нафар ўқувчи дунёдаги “Топ – 500 талик”да турган халқаро олий таълим муассасасига қабул қилинди ва грантлар ютиб олди.
Жиззах шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Нозимбек Турғунбоев 120 дан ортиқ халқаро университетнинг 6 миллион АҚШ долларлик грант соҳиби бўлди. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби битирувчилари эса 100 фоизлик натижа билан маҳаллий ва халқаро олий таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.
Тадбирда ушбу ўқув муассасаси ўқувчиларининг бадиий чиқишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Расмий маросим якунлангач, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев мазкур Президент мактаби ўқувчилари билан юзма-юз мулоқот қилиб, улар томонидан берилган саволларга жавоб берди, ўқувчилар томонидан кўтарилган мурожаатлар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар бериб, ижроси доимий назоратида бўлишини таъкидлади.
“Билимлар куни” доирасидаги янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган биринчи қўнғироқ тадбирлари вилоят шаҳар ва туманларидаги барча ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ҳам кўтаринки руҳда ўтди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА