Билимдан бошланган ўзгариш
Баъзан катта ўзгаришлар баландпарвоз шиорлардан эмас, оддий бир синфхонадан, маҳаллада ташкил этилган навбатдаги машғулотдан бошланади. Қўлига биринчи марта компьютер тутган аёл, ўз маҳсулотини бозорга қандай олиб чиқишни ўрганаётган ҳунарманд, сунъий интеллект имкониятларини кашф этаётган ёш ёки давлат хизматларидан мустақил фойдаланишни ўрганган кекса инсон... Буларнинг ҳар бири бир қарашда алоҳида воқеадек туюлади. Аслида эса уларнинг барчасини ягона мақсад — инсон капиталига сармоя киритиш, билим орқали ҳаёт сифатини яхшилаш ғояси бирлаштириб турибди.
Жиззах вилоятида ҳаёт давомида таълим олиш тамойили асосида амалга оширилаётган “Жиззахда таълим ҳудудлари – билим ва имкониятлар майдони” лойиҳаси айнан шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда. Қисқа вақт ичида мазкур ташаббус навбатдаги ижтимоий лойиҳа эмас, балки маҳаллаларда билимга эҳтиёжни уйғотган, одамларнинг ўз кучи ва имкониятига бўлган ишончини мустаҳкамлаган амалий модел сифатида намоён бўлди.
Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази томонидан Германиянинг Халқ университетлари немис ассоциацияси (DVV)нинг Ўзбекистондаги филиали кичик гранти асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа уч ойга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий мақсади Жиззах шаҳри ҳамда Пахтакор туманида “Таълим ҳудудлари”ни ташкил этиш орқали аҳолининг ҳаёт давомида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, рақамли, медиавий ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашдан иборат.
Бу, аввало, мамлакатимизда инсон капиталига сармоя киритиш, аҳолининг касбий салоҳиятини юксалтириш ва таълим орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳангдир. Шу маънода мазкур ташаббус давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида Жиззах шаҳрининг “Кимёгар” ҳамда Пахтакор туманининг “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, уларга туташ ҳудудлар аҳолиси учун ҳаётий ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган 20 та маҳорат дарси ташкил этилди. Машғулотларга турли соҳалар мутахассислари жалб қилиниб, “Томорқадан самарали фойдаланиш”, “Ҳунармандчилик – даромад манбаи”, “Оилавий мулоқот кўникмалари”, “Тадбиркорлик асослари ва бизнес-режа тузиш”, “Молиявий саводхонлик”, “Тиббий маданиятни ошириш”, “Лидерлик, музокаралар ва шахсий ташаббус”, “Кредитлар ва улардан фойдаланиш”, “Солиқлар ва солиқ имтиёзлари”, “Ҳуқуқий саводхонлик” каби ҳаётий аҳамиятга эга мавзулар қамраб олинди. Натижада 200 нафардан зиёд иштирокчи ўз билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.
[gallery-447954]
Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова лойиҳанинг эришилган натижалари ҳақида сўз юритар экан, унинг энг катта ютуғи рақамларда эмас, одамлар ҳаётида намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
— Биз маҳаллаларга тайёр ечим билан эмас, аввало уларнинг эҳтиёжини тинглаш нияти билан кириб бордик. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўқув машғулоти, ҳар бир курс айнан одамларнинг ҳаётий эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилди. Бугун иштирокчиларнинг билим билан бирга ўз кучига бўлган ишончи ортгани лойиҳанинг энг катта натижасидир, — дейди Нодира Алимова.
Лойиҳанинг энг таъсирчан жиҳатларидан бири эса авлодлар ўртасидаги маънавий кўприкни янада мустаҳкамлаганидир. Шу мақсадда ҳар икки ҳудудда уч авлод вакилларини бирлаштирган “Авлодлараро суҳбат чойхонаси” ташкил этилди. Бу ерда молиявий саводхонлик, замонавий ахборот технологиялари, оилавий муносабатлар ва бошқа долзарб масалалар юзасидан нафақат фикр алмашилди, балки турли авлод вакилларининг ҳаётий тажрибаси ҳам бир-бирини бойитди. Мазкур мулоқот майдонларида 60 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.
Замонавий меҳнат бозори янги билим ва янги касбларни талаб қилмоқда. Шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Жиззах шаҳрида “Рақамли ва инновацион шакллар” йўналишида сунъий интеллектдан фойдаланиш, тезкор ахборот тайёрлаш, фото ва видео контент яратиш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди. Шунингдек, “Create & Market” дастури доирасида тайёр ва ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда уларни бозорга чиқариш бўйича амалий билимлар берилди.
Пахтакор туманида эса мазкур дастур билан бир қаторда “StartUp Craft” йўналишида заргарлик буюмлари, тақинчоқлар ва совғалар тайёрлаш бўйича профессионал курслар ўтказилди. Бу машғулотлар натижасида 80 нафар хотин-қиз замонавий касбий малакага эга бўлиб, ўз бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун зарур билим ҳамда амалий кўникмаларни эгаллади.
Рақамли трансформация шароитида аҳолининг янги билим ва кўникмаларга эга бўлиши бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бирига айланмоқда. Шу боис лойиҳа доирасида ҳар икки ҳудудда давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш, онлайн тўловларни амалга ошириш, медиасаводхонлик ва киберхавфсизликка бағишланган махсус тренинглар ташкил этилди. Уларда 100 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиб, рақамли маконда хавфсиз ва самарали фаолият юритиш бўйича амалий билимларга эга бўлди. Бу эса уларнинг нафақат кундалик ҳаётини енгиллаштирди, балки меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ҳам оширишга хизмат қилди.
Эришилган натижаларнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилган Ўқув фестивали эса лойиҳанинг оддий ҳисоботи эмас, балки билимнинг амалий самараси намойишига айланди. Унда касбий курс иштирокчилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси, битирувчиларга сертификатлар топшириш маросими, муваффақиятли иштирокчиларнинг ҳаётий ҳикоялари ҳамда фольклор жамоаларининг бадиий чиқишлари намойиш этилди. Энг муҳими, фестиваль майдонида намойиш этилган ҳар бир маҳсулот, ҳар бир ғоя ва ҳар бир табассум таълим инсон тақдирини ўзгартира олишининг амалий исботига айланди.
Фестиваль доирасида ўтказилган “Таълим ҳудудлари – билим, касб ва ҳамкорлик майдони: барқарор ривожланиш учун инновацион ёндашувлар” мавзусидаги давра суҳбати лойиҳанинг мазмун-моҳиятини янада теранроқ очиб берди.
Тадбирда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда таълим ва касб-ҳунар ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади. У инсон капиталига сармоя киритиш, хотин-қизларни замонавий касб ва кўникмалар билан қуроллантириш мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири эканини қайд этиб, маҳаллаларда йўлга қўйилаётган ана шундай ташаббуслар аёлларнинг бандлиги, даромади ва ижтимоий фаоллигини оширишга мустаҳкам замин яратаётганини алоҳида эътироф этди.
Давра суҳбатида Жиззах вилояти “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова лойиҳанинг эришилган натижалари ва унинг барқарор давомийлиги ҳақида сўз юритар экан, амалга оширилган ишлар ортида энг аввало инсон манфаати турганини таъкидлади.
— “Таълим ҳудудлари” лойиҳаси қисқа муддатли тадбир сифатида эмас, маҳаллаларда ҳаёт давомида таълим муҳитини шакллантиришга қаратилган барқарор модель сифатида яратилди. Биз ҳар бир машғулот орқали одамларга фақат билим эмас, ўз имкониятини кашф этиш, ўз меҳнати билан барқарор даромад топишга ишонч ҳам беришга ҳаракат қилдик. Бугун эришилган натижалар бу йўлнинг тўғри танланганини тасдиқламоқда, — дейди Нодира Алимова.
Давра суҳбатида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси, Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг Жиззах вилояти бўлими, “Ҳунарманд” уюшмаси Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг Жиззах вилояти бўлими вакиллари томонидан касбий таълим, инклюзив ривожланиш, ҳунармандчилик, аёллар тадбиркорлиги ва барқарор бандликни таъминлашга доир маърузалар тақдим этилди.
Шунингдек, Жиззах шаҳар ҳамда Пахтакор тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари ҳам “Таълим ҳудудлари” лойиҳаси ҳудудларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллангани, унинг амалий натижалари ва келгусида барқарор давом эттириш механизмлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди, лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этган ҳамкор ташкилотлар ҳамда тренерлар тақдирланди.
Бугун Жиззахда амалга оширилаётган мазкур ташаббус бир ҳақиқатни яна бир бор исботлади: тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори бинолар ёки иншоотлар эмас, балки билимли, ташаббускор ва ўз келажагини ўзи ярата оладиган инсонлардир. Ҳаёт давомида таълим олиш тамойилига асосланган “Таълим ҳудудлари” айнан шундай инсонларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Зеро, маҳаллага кириб келган билим — бир инсоннинг тақдирини, бир инсоннинг ўзгариши эса бутун жамиятнинг келажагини ўзгартиради. Ана шу маънода Жиззахда барпо этилаётган таълим ҳудудлари бугунги куннинг муваффақиятли ижтимоий лойиҳасигина эмас, балки мамлакатимизда инсон капитали ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган ҳаётий тажриба, амалий мактаб ва келажакка йўналтирилган муҳим модель сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА