Аҳоли орасида, айниқса, ёшлар ўртасида носоғлом маърифий ишларни амалга ошириш ҳоллари кўпайди. Бундай тадбирлар доирасида аҳолининг ва ёшларнинг онгига, маданиятига ва ҳис-туйғуларига бегона бўлган турли ёт қарашлар ва ғоялар сингдирилмоқда.
Ташкилотчилар томонидан “маърифий” деб айтилаётган айрим йиғинлар, учрашувлар, ўқув ва давра суҳбатлари махсус билим ва тажрибага эга бўлмаган сохта тренерлар, лекторлар томонидан амалга оширилмоқда.
Бунинг сабаби – амалдаги қонунчиликда маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон ва давра суҳбати каби шаклларда амалга ошириладиган фаолият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаган.
2024 йил 5 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун шу каби салбий ҳолатларга чек қўйилмоқда.
– Тарбия ҳар доим ҳам муҳим масала бўлиб келган, – дейди Сенат қўмитаси раиси Одилжон Иминов. – Таълимдан мақсад ҳам аслида тарбиядир. Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”, деб бежиз таъкидламаган. Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ўз вақтида нақадар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги вақтда ҳам биз учун шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.
Шунга кўра, шахснинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ошириш, индивидуал салоҳиятини яхшилаш учун зарур кўникма ва малакани шакллантиришга қаратилган давлат таълим стандартларини ислоҳ қилиш, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти мавжуд эди.
Шу мақсадда қабул қилинган қонун билан маърифий фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Қонунчилик маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи норма билан тўлдирилди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган нормага кўра, маърифий фаолиятни бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд маърифий фаолиятни амалга ошириш бўйича қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик, башарти жиноят аломатлари, шунингдек, ушбу кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, жарима солишга сабаб бўлади.
“Таълим тўғрисида”ги қонун “маърифий фаолият” тушунчасини мустаҳкамлашга қаратилган модда билан тўлдирилди. Мазкур қўшимча ва ўзгартиришлар орқали ушбу соҳадаги фаолиятни амалга ошириш талаблари белгиланди.
Қонун билан маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, уни амалга ошириш талаблари ва шартларини ҳамда маърифий фаолиятни амалга ошириши тақиқланган шахслар доираси белгиланди. Шу билан бирга, маърифий фаолиятни амалга оширишдаги муаммо ва тўсиқлар бартараф этилди.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, яъни 2025 йил 6 февралда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА