Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳри атрофида "яшил белбоғ" барпо этиш лойиҳаси доирасида дарахт экиш тадбирида иштирок этди ҳамда Янгиҳаёт туманига ташриф буюриб, саноат корхоналари фаолияти ва маҳалладаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экди.
Бугунги асрга келиб табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатга ва одамлар соғлиғига зарар етказмоқда. Юртимизда бу олдиндан англаниб, атроф-муҳитни асраш чоралари кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди.
Президентимизнинг ўзи бунда доимо ўрнак. Аввалги йилларда Янги Тошкент, Сергели, Чилонзорда кўчатлар эккан эди. Бу йил пойтахтимизнинг Бектемир туманида, Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил ҳудудга асос солинди.
Бунинг учун 100 гектар ер ажратилган бўлиб, икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. Уларни парваришлаш учун 3 та сунъий сув хавзаси ва 12 та қудуқ барпо этилди.
Маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Ҳалқа йўли бўйидаги бу ҳудуд Тошкент “яшил белбоғ”ининг бир қисми бўлади. Яна бир эътиборли томони, бу ерда табиий ўрмон шакли ҳосил қилинади.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари ва чет эллик дипломатлар билан суҳбатлашди, ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.
– Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбирни видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоатчилиги ҳам кузатди. У ерларда ҳам кўчатлар экилди. Ушбу кузги мавсумда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.
Баҳорда 138 миллион дона кўчат экилган эди. Вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо қилган. Йирик саноат корхоналари ва чиқинди полигонлари атрофига ҳам дарахтлар экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил қилинмоқда.
Автомобиль ва темир йўллари, дарё ва каналларга туташ ерлар дарахт экиш учун қарийб 10 минг аҳоли ва тадбиркорга ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та лойиҳа бўйича босқичма-босқич экиш ишлари бошланди.
Умуман, охирги 3 йилда мамлакатимиз бўйича жами 646 миллион туп кўчат ва буталар экилган. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилаётган “Янги авлод” махсус саноат зонасида бўлди.
Мамлакатимизда саноат ва тадбиркорлик ривожлангани сари қўшимча шароитларга эҳтиёж туғилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 мартдаги қарори билан ташкил этилган мазкур саноат зонаси яна кўплаб корхоналарга жой бўлади.
Ҳудуд иқтисодиётида катта ўринга эга бўлиши кутилаётган мажмуа майдони 764 гектар. Айни пайтда инфратузилма тармоқлари барпо этилмоқда. Бу ерда озиқ-овқат, қурилиш материаллари, электротехника, машинасозлик ва кимё саноати каби йўналишларда 1 миллиард 375 миллион долларлик 47 та лойиҳа жойлаштирилади. Уларда 12 мингтага яқин янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, корхоналарда халқаро брендлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Хусусан, “DP World”, “JAC Motors”, “Krantas”, “Аcес Japan”, “East can solutions”, “EAS” ва “Evyap” каби нуфузли компаниялар ҳамкорлигида қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Давлатимиз раҳбарига шундай лойиҳалардан айримлари тақдимот қилинди.
Хусусан, Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан саноат зонасини бошқариш, инвесторларни жалб қилиш ва инфратузилма объектларини барпо қилиш кўзда тутилган. “JAC Motors” компанияси тижорат автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. 135 миллион долларлик бу лойиҳа натижасида 2 мингта янги иш ўрни яратилади. Япониянинг “Аcес Japan” компанияси билан ҳамкорликда 9 миллион долларлик офис учун ўриндиқ ва мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, яна 100 кишининг бандлиги таъминланади.
Бирлашган Араб Амирлигининг “DP World” компанияси билан эса транспорт-логистика марказини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган.
Ҳудудда лаборатория, тадқиқотлар маркази, конференция заллари ҳамда савдо зонаси ташкил этилади. Шунингдек, дуал таълим йўлга қўйилиб, саноат корхоналари учун керакли мутахассислар шу ернинг ўзида тайёрланади.
– Охирги йилларда ялпи ички маҳсулотимиз икки баробар ўсиб, бу йил 110 миллиард долларга етаяпти. Энди буни 200 миллиард долларга етказишга марра олдик. Инвесторларнинг лойиҳалари учун барча шароитни яратиб бермасак, бу кўрсаткичга етолмаймиз. Тошкент шаҳри бунда ҳам намуна бўлиши керак, – деди Президент.
Мутасаддиларга лойиҳаларда маҳаллийлаштириш ва рақамлаштириш, энергия тежамкорликка аҳамият қаратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги “Янгиҳаёт” индустриал технопаркида ҳам бўлди.
Янгиҳаёт туманида 184 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Сўнгги йилларда кўплаб янги уйлар қурилиб, оилалар кўчиб келди. Улар учун шу яқин атрофда иш ўринлари ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 4 февралдаги қарори асосида барпо этилган “Янгиҳаёт” технопарки шу мақсадга қаратилган. Шавкат Мирзиёев 2022 йилда қурилиш майдони ва бўлажак лойиҳалар билан танишган эди. Технопарк учун 110 гектар майдон ажратилган.
Аввало, бош режа ишлаб чиқилиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилди. Хусусан, 10,8 километрлик сув ва оқова, ёмғир сувларини қочириш тизими барпо этилди, 2,9 километрли ички йўллар қурилиб, 51 километр электр линияси ҳамда 5,9 километр газ тармоғи тортилди.
Ҳозир бу ерда 101 миллион долларлик 8 та корхона ишга туширилган, 520 та иш ўрни яратилган.
Давлатимиз раҳбари уларнинг айримларини кўздан кечирди.
Масалан, “Алмерро Груп” масъулияти чекланган жамиятида “Krember” бренди остида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бунинг учун 3 гектар ер ажратилган, 22 миллион доллар йўналтирилган. Италия, Испания ва Туркия давлатларидан келтирилган илғор технология ўрнатилган. Корхонада йилига 320 миллиард сўмлик 80 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Маҳсулотларнинг 15-20 фоизи Хитой ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади.
Қиймати 21 миллион долларлик “Vera Modern Elektrical” корхонаси 600 турдаги кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 4 миллион долларлик экспорт қувватига эга. Муҳими, маҳсулотларнинг 35-40 фоизи импорт ўрнини босади ҳамда маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етказилади.
Давлатимиз раҳбари корхоналар маҳсулотларини кўздан кечирди.
– Кейинги йилларда тадбиркорларга яратилган шароитлар бугун ўз натижасини бераяпти. Ўзимизнинг ишбилармонлар мана шундай кўп хилда ва юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараяпти. Бу имкониятларни ҳар йили кенгайтириб борамиз. Чунки тадбиркор иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи, – деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш фаолияти учун тайёр бино-иншоотлар қуриш лойиҳаси билан ҳам танишди. Технопарк ичида “Mimar Group” компанияси томонидан икки қаватли мажмуа қурилиб, кичик корхоналар ва ҳунармандларга муддатли тўлов асосида сотилмоқда. Уларнинг ҳар бирида алоҳида ишлаб чиқариш ва кўргазма майдонлари бўлади.
Бугунги кунда шундай биноларда умумий қиймати 3 миллион долларлик 4 та лойиҳа – эшик-ромлар, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш учун профиллар ва қуёш панеллари корхоналари иш бошлаган.
Президентимизга технопаркдаги режалар бўйича маълумот берилди. Жумладан, қурилиш материаллари, электротехника, логистика ва хизмат кўрсатиш, текстиль ва тўқимачилик саноати, озиқ-овқат саноати каби йўналишларда 386 миллион долларлик 46 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, технопаркдаги корхоналар учун мутахассислар тайёрлашда дуал таълим йўлга қўйилади.
Умуман, технопаркда 2025 йилда 235 миллион долларлик 37 та, 2026 йилда эса 50 миллион долларлик 1 та лойиҳа ишга туширилади. Натижада 10 мингта янги иш ўрни ва 35 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади.
Ўтган ўн ойда Янгиҳаёт туманида 3 мингдан зиёд аҳоли доимий ишга жойлаштирилган, 6 мингта ўзини ўзи банд қилган шахс рўйхатдан ўтказилган.
Сўнг давлатимиз раҳбари Янгиҳаёт туманидаги Хушнуд маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти, ҳудуддаги ўзгаришлар билан танишди.
Маҳалла янги – 2021 йил ташкил этилган. Бу ердаги 48 та кўп қаватли уй ҳамда 625 та ҳовлида 11 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Болалар боғчаси, спорт мактаби, оилавий поликлиника, хусусий клиника, ишлаб чиқариш корхоналари, дўкон ва маиший хизмат шохобчалари бор. Бу йил 49 та микролойиҳа орқали 116 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.
Авваллари бу жойлар чекка, кўримсиз эди. 2018 йилдан бошлаб замонавий уйлар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари қурилди. Атроф ободонлаштирилди.
Маҳалланинг уч қаватли биноси ҳам шу йил бунёд этилди. Унинг биринчи қаватида маҳалла раиси ва ходимлариниг хоналари, кутубхона, жадидлар бурчаги жойлашган. Юқори қаватларда аниқ фанлар ва хорижий тиллар бўйича ўқув маркази, фитнес зал фаолият олиб бормоқда. Ертўла қисмида ёшларни касбга йўналтирувчи мономарказ ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашди. Улар сўнгги йилларда Янгиҳаёт тумани жадал ўзгаргани, янги транспорт йўллари ва корхоналар қурилиб, ҳаёт жонланганини айтишди.
– Бугун келишимиздан мақсад қабул қилаётган қарорларимиз натижасини, одамлар ҳаётини кўриш. Худди бу тумандагидай, ҳар бир ҳудудни ривожлантириш, одамларга қулайликларни ва иш жойларини кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Шу билан бирга, таълим-тарбияга, маданиятга катта эътибор қаратаяпмиз. Билим ва маънавият мустаҳкам бўлса, иқтисодиёт ҳам яхши ривожланади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маҳалладаги 150 ўринли, замонавий шароитлар яратилган хусусий боғча фаолияти билан ҳам танишди. У жорий йилда фойдаланишга топширилган 16 қаватли уйнинг биринчи-иккинчи қаватида жойлашган. Муассаса хоналарини жиҳозлашда замонавийлик ва миллийлик уйғунлашувига алоҳида эътибор қаратилган.
Маҳаллада ёш болали аёллар кўп. Улар учун шу ерга яқин жойларда тикувчилик, қандолатчилик каби йўналишларда иш ўринлари яратилмоқда. Мазкур боғча улар учун анча қулай бўлди. Кўнгли хотиржам иш билан банд бўлади, оиласига қўшимча даромад келтиради.
Мамлакатимизда муҳим дастурлар айнан маҳаллаларда амалга оширилаётгани, тизимга катта ваколат ва имкониятлар берилаётгани таъкидланди. Бу ишлар улардаги ободлик, аҳоли фаровонлигида ифодасини топаётгани қайд этилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбирлари