“Билим ринг” заковат ўйинида ғолиб жамоа номи аниқ бўлди
Пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан ёш спортчилар ўртасида ташкил этилган “Билим ринг” заковат ўйинининг республика финал босқичи юқори кайфиятда қизғин баҳсларга бой тарзда ўтди.
Мазкур интеллектуал лойиҳа ёш спортчиларнинг билимга бўлган қизиқишини ошириш, мантиқий фикрлаш, тезкор таҳлил қилиш ва жамоавий ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичларида мамлакат бўйлаб 7000 нафарга яқин ўқувчи-спортчи иштирок этди. Саралаш жараёнлари якунига кўра, республика босқичига энг кучли 15 та жамоа йўлланма олди.

Беллашувлар давомида иштирокчилар тарих, спорт, адабиёт, илм-фан ва мантиққа оид турли саволлар бўйича ўз билим ва тафаккурини синовдан ўтказди. Мусобақа жараёнида жамоаларнинг зукколиги, ҳозиржавоблиги ва аҳиллиги яққол намоён бўлди.

Финал баҳсида Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Самарқанд олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоалари ўзаро куч синашди. Муросасиз кечган ҳал қилувчи баҳсда Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси ғолиб бўлди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур лойиҳа спортчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда ҳар томонлама етук, билимли ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Самандар Исоқов,
ЎзА