Билим, маҳорат, изланишлар сабоғи
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган Китобхонлик ҳафталигининг навбатдаги куни ҳам қизиқарли воқеаларга бой бўлди.
Юртимиз нашриётларида чоп этилаётган янги китоблар тақдимоти ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўқувчилар учун халқ амалий санъати усталари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, амалий машғулотлар бўлиб ўтди.
Маълумки, болаларда китобхонликка, тасвирий санъатга меҳр уйғотиш давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусда ўзига хос ўрин тутади. Мутолаа ва амалий санъат қайсидир маънода бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Зеро, яхшигина мусаввир, моҳир уста, қўли гул кулол бўлиш учун ҳам кўп китоб ўқимоқ, билим ва кўникмаларни пухта эгалламоқ лозим. Халқ амалий санъати бўйича мулоқот ва машғулотлар ўқувчи-ёшларда катта таассурот уйғотди.
Н.Усмонова, ЎзА