Бетакрор туйғулар мусаввири
Қувончни, изтиробни, ўйчанлигу вазминликни тасвирда қандай ифодалаш мумкин? Устоз ижодкор, моҳир мўйқалам соҳиби, Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов инсоний кечинмаларни тасвирда акс эттириш устаси эдилар.
Баъзан хорижлик санъатшуносларнинг Камолиддин Беҳзодни "Шарқ Рафаэли", Раҳим Аҳмедовни эса "Ўзбек Гогени" сифатида таърифлашига гувоҳ бўламиз. Бироқ назаримда бунинг аксини айтсак, сира янглишмаймиз. Негаки, жаҳон, хусусан Ғарб рассомлари бизнинг мусаввир боболаримиздан ўрганган жиҳатлари кўплигига бадиий асарлар ҳам, манбалар ҳам гувоҳдир.
Мамлакатимизда миллий тасвирий санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган рассомлар хотирасини эъзозлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар Раҳим Аҳмедовнинг азиз ёдига эҳтиром кўрсатишдек эзгу ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан устоз рассом Раҳим Аҳмедовнинг 100 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланмоқда. Мазкур тадбирлар доирасида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Р.Аҳмедов ижодига оид бадиий кўргазма ташкил этилди. Унда намойиш этилаётган портрет, манзара, натюрморт жанридаги картиналар бадиий маҳорат, тасвир, композиция, мавзунинг теран очиб берилгани нуқтаи назаридан наинки мамлакатимиз, балки жаҳон рассомлари учун ҳам намуна олишга арзигулик экани яна бир карра ўз исботини топган.
Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси анжуманлар залида рассомнинг хотира кечаси ўтказилди. Унда устоз мусаввирнинг инсоний фазилатлари, шогирдларига кўрсатган меҳр ва эътибори, миллий тасвирий санъатимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳақида батафсил сўз юритилди.
Чиндан ҳам Бадиий академия ташаббуси билан ўтказилаётган бу каби маърифий лойиҳалар тасвирий санъатимиз дарғаларининг ижодий меросини ўрганиш, уни тарғиб этиш, устоз рассомлар фаолиятидаги ибратли жиҳатларни ёшларга кенгроқ тушунтириш имконини бермоқда.
Назокат Усмонова,
ЎзА