Бетакрор, барҳаёт, бардавом айём
Наврўз – боқий, бебаҳо, бетакрор байрам. Халқимиз бу айёмни дилда мудом эзгу ният, дуолар билан орзиқиб кутади.
Президентимизнинг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори халқимиз, кенг жамоатчилик дилидаги гап бўлди.
Зеро, “Наврўз” сўзининг ўзиёқ юракларга қанча нур, ёруғлик, илиқлик, яхши кайфият бағишлайди. Минг йиллардан буён ушбу баҳор байрами халқимизда яшариш, янгиланиш, яхшиликка етишиш, тинчлик, соғлик-омонлик, она-табиатнинг уйғониши, маънавий ва руҳий покланиш, шукроналик, ҳаётнинг, тирикликнинг, борлиқнинг қадрига етиш айёми саналган.
Наврўзга бағишлаб қалам аҳли шеър ва ғазаллар, достонлар, бетакрор бадиий асарлар битганлар. Баҳор, мафтункор табиатнинг уйғониши, инсон онгу шууридаги поклик, маънавий баркамоллик мусаввирлар ижодида устувор бўлган. Ҳофизу бастакорлар нафис куй-қўшиқлар яратганлар.
21 март – кун ва туннинг тенглиги. Табиат ва коинотда ҳеч нарса, ҳеч қайси жараён шунчаки, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Уларнинг бари муайян ва қатъий қонуниятга бўйсундирилган. Демакки, оламда яралган барча нарсалар, неъматлар борки, бари ҳисобли. Наврўз – умрнинг, вақтнинг ғанимат, жонимиз, тирикликнинг мудом омонат экани ва унинг қадрига етмоқликка чорлов, ўзига хос даъват.
Азалдан нуронийларимиз, отахон ва онахонлар баҳорга, Наврўзга барчамизни эсон-омон етказсин, деб дуоларга қўл очадилар.
Наврўзи айём – мафтункор табиат байрами. Унда эл дастурхони, хонадонларимиз, рўзғорларимиз баракаси ҳақида йил бўйи қайғуриб, ғамхўрлик қиладиган бободеҳқонлар, миришкор ҳамюртларимиз, ишнинг кўзини биладиган фермерлар, уддабурон оталаримиз экин-текин, ҳосил тараддудини кўрадилар.
Қушларнинг баҳордаги чуғурлаши ҳар қандай оркестр ижросидаги куйдан, ҳар қандай мусиқадан афзаллигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Болажонлар чор-атрофи зумрад тусга кирган кенгликлардан, далаю дашт, қир-адирлардан баҳор кўкатлари – ялпиз, жағжағ, исмалоқларни териб келадилар. Табаррук момоларимиз, бувижонларимиз, онахонларимиз баҳор гулларини “омонлик-сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик”, деб кўзларига суртадилар. Кайвони онахонлар келинлару қизларини ёнларига олиб сумалак, ҳалим, кўк сомсалар тайёрлашга киришадилар...
Мамлакатимизда бугун кечаётган буюк ўзгаришлар баҳорий янгиланишлар, Наврўз ғояларига мужассам экани билан диққатга сазовор. Шаҳару қишлоқларимиз, маҳалла ва овулларимизнинг қиёфаси янгиланмоқда. Улар янада обод ва кўркам тусга кирмоқда.
Юртимизда миллий анъана ва қадриятларни қадрлаш, уларни эъзозлаш борасидаги янги ташаббуслар халқимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Бунда катта-катта ижодий лойиҳаларга қўл урилмоқда. Буюк аждодларимиз билан шунчаки фахрланиш билан чекланмай, уларнинг меросини ўрганиш, хориждаги жавоҳир маънавий хазинамизни дараклаб, қидириб, топиш, факсимиле нусхаларини имкон қадар мамлакатимизга келтириш йўлида фаол ҳаракатлар бошланди.
Инсон шаъни, қадр-қиммати устувор эканига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кексалар, беморларнинг саломатлигини яхшилаш, аёллар ва қизлар, ёшлар, болаларни кучли ижтимоий ҳимоялашнинг амалий чора-тадбирлари ҳаётга жорий этилмоқда. Ўтганларнинг хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Ҳали баҳор кириб келмасиданоқ, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Кўча ва хиёбонлар саришта ҳолатга келтирилмоқда. Хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг муаммолари ўрганилмоқда. Мураккаб аҳволда қолган оилаларга кўмак кўрсатилмоқда.
Чор-атрофга дарахт кўчатлари, гул ниҳоллари ўтқазилмоқда. Бозору расталарда ҳамюртларимиз турфа гуллар, айниқса, лола ва наргиз гулларининг пиёзлари, анвойи чечакларнинг уруғларини харид қилишга, уларни ерга қадашга, парваришлашга ошиқмоқда. Барча жойда ҳашару ободонлаштириш ишлари авжида. Маҳаллалар янада обод бўлмоқда. Турар жой мавзелари, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларда ҳашарлар ўтказиляпти.
Баҳор айёми арафасида миллий анъана ва қадриятлар тарғиботи янада ўзини намоён этади. Сайллар, миллий ўйинларимиз, полвонлар кураши, чевар қизлар ижод намуналарининг кўргазмалари, ошпазларнинг маҳорат мусобақалари ўтказилади. Бахшилар достонлар айтади. Улоқ, кўпкари авжига чиқади.
Ҳа, Наврўз чиндан ҳам эзгулик, меҳр-мурувват, хайр-саховат, поклик айёми экани ҳар қадамда, ҳар лаҳзада ўзини тўкис намоён этади. Чиндан ҳам Наврўз барҳаёт, бардавом, бетакрор, ўхшаши йўқ байрамдир!
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири