Бештерак қишлоғи токзорлари билан машҳур
Айни кунларда боғу далаларда кеч кузги ҳосилларни йиғиштириб олиш мавсуми. Боғдорчилик, деҳқончилик, кечки полиз экинлари барча-барчаси пишиб етилди. Деҳқонларнинг тили билан айтганда кузда пишиб етилган ҳосил ёздагига қараганда жуда мазали ва сифатли бўлади.
Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани боғбонлари узумчиликда ҳам ўзига хос мактаб яратган. Айни кунларда эса тумандаги барча токзорларда кечки узумларни йиғиб териб олиш мавсуми бошланган.
Тумандаги “Пахтаобод” МФЙ Бештерак қишлоғи боғбонларининг ҳам шу кунларда ишлари қизғин. Ҳамма токзорларда оилавий иш билан банд.
Ҳудуддаги боғбон Шамсиддин Юлдошевнинг ҳам токзорида ҳашар. Оила аъзолари, қариндош уруғ ҳамма шу ерда. Кимдир узумларни узиб яшикларга жойласа, бошқаси ташимоқда, яна бошқа биров уларни саралаб қутига жойламоқда.
Ток навларидаги садафдек ялтираб турган узум бошлари қуёшда тобланади. Уларнинг айни ширага энган маҳали.
– 10 йилдан буён узумчилик билан машғулман, – дейди Ш.Юлдошев. – Ўтган йили тадбиркорларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, 60 сотих жойда деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, 30 йилга шартнома қилдик. У ерда ҳусайни, султони, тоифи, кишмиш каби узум навлари экилган. Илгари бу узумзор фермер хўжалигига қарашли эди. Шу ерда оилавий меҳнат қиламиз. Ёз бўйи парваришлаймиз. Керакли агротехник тадбирларни олиб борамиз. 15 тоннагача ҳосил оламиз. Ҳали кўчатлар ёш. Кечки тоифи узумларни музлаткичга қўямиз. Байрам олди бозорга чиқарамиз. Шундан йилига 50-60 миллион сўм даромад қиламиз. Шукр меҳнатга яраша роҳатини ҳам кўряпмиз.
Узумларни саралаб яшикларга жойлаш билан асосан аёллар шуғулланади. Токзор бошида ушбу иш билан машғул бўлган хотин-қизлар билан ҳам суҳбатлашдик.
– Узумлар қанчалик сифатли бўлса, шунча кайфият билан ишлаймиз, – дейди боғбоннинг турмуш ўртоғи Нигора Негматова. – Терим мавсуми 10-15 кун давом этади ва биз аёллар учун байрамдек ўтади. Боиси ҳамма хотин-қизлар тўпланиб, бугун бизникида, эртага қўшниникида, кейин яна бошқаникида ҳашарда қатнашамиз. Боиси қишлоғимизда токзори йўқ одамнинг ўзи йўқ. Шу баҳона бир-биримиз билан дардлашамиз, дилдан суҳбатлашамиз.
Дарҳақиқат, қишлоқ атрофидаги қайси далага борманг қатор қилиб экилган токзорларни гувоҳи бўласиз. Қишлоқ боғбонлари ўтган асрнинг 80-йилларидан буён ҳудуд узумчиликка ихтисослашганини таъкидлайди.
– Дастлаб тоифи навли узум Арабистондаги Тоиф шаҳридан тумандаги Хўжа Имконаги зиёратгоҳи атрофларига олиб келиб экилган. Бу 8-9 асрларга тўғри келади, – дейди “Сайфулло Файзулла” фермер хўжалиги раҳбари Насрулло Назаров. – Союз пайтида қаламчадан кўпайтирилиб Тожикистонга олиб кетилган. 80 йилларда пахта майдонлари қисқартирилиб, бизда ҳам оммавий кўпайтирилди. Ҳозирги кунда тоифининг 5-6 хил тури етиштирилмоқда. Октябрнинг бошларига келиб ширага эна бошлайди. Танаси ҳам совуққа чидамли. 3 гектар майдонда узумчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ташкил қилганмиз. Ҳосилимиз асосан экспортга йўналтирилади.
[gallery-19703]
Маълумотларга кўра, туманда жами 9 минг 160 гектар боғ мавжуд бўлиб, шундан 5 минг 691 гектари токзор, 767 гектарини анорзорлар ташкил этади. Экспортга 10 минг тонна тоифи навли узум, 3000 тонна анор маҳсулоти экспортга йўналтирилган булиб, 510 хўжалик томонидан етиштирилмоқда.
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Китоб туман бўлими томонидан мавжуд боғлар назорат қилиниб, боғбонларга керакли тавсиялар бериб борилмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари