“Бешинчи Устозлар миллий форуми” нинг вилоят босқичи ўтказилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Гулистон шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Бешинчи Устозлар миллий форуми”нинг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ташаббуси билан “Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида ташкил этилган тадбир янги ўқув йили арафасида таълим тизимидаги устувор вазифаларни белгилаш, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форумда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева, вилоятнинг 11 та туман ва шаҳридаги умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари, ўқитувчилар ҳамда таълим соҳасининг фаол вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни очар экан, Наргиза Холбоева мамлакатимизда таълим тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, таълим сифатини ошириш, ўқувчиларга сифатли ва замонавий билим бериш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
Таъкидланганидек, бугун таълим соҳасидаги янгиланишлар ўқитувчидан нафақат ўз фани бўйича чуқур билим, балки замонавий педагогик технологияларни эгаллаш, рақамли имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳар бир ўқувчининг қобилияти ва қизиқишини ҳисобга олиш, мустақил фикрлайдиган ва ижтимоий фаол шахсни тарбиялашни талаб этмоқда.
Айни пайтда Сирдарё вилоятида 1 541 та таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 348 таси умумий ўрта таълим мактаби, 1 179 таси эса мактабгача таълим ташкилотларидир. Бу рақамлар ортида минглаб педагогларнинг меҳнати, юз минглаб бола ва ўқувчиларнинг таълим-тарбияси, уларнинг эртанги кунига дахлдор улкан масъулият мужассам.
Форумда Сирдарё таълим тизимида сўнгги йилларда шаклланган натижадорлик ва ўқувчиларнинг халқаро миқёсдаги ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Хитойда ўтказилган 67-Халқаро математика олимпиадаси — ИМО–2026да Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этган сирдарёлик икки нафар ўқувчи нуфузли мусобақада медалларга эга чиқишди.
Янгиер шаҳар ИТМА ИМ ўқувчиси Достонбек Раҳмонқулов олимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритган бўлса, Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали ўқувчиси Азизбек Мамажонов бронза медалига сазовор бўлди.
Бу ютуқлар, аввало, ўқувчиларнинг изланиши, устозларнинг фидойилиги, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши ҳамда иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг самарали тизими натижасидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқаро олимпиадаларда юқори натижа кўрсатган ўқувчилар ва уларнинг устозларини рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, ИМО–2026да кумуш медалга сазовор бўлган Достонбек Раҳмонқуловга 618 миллион сўм, унинг устозига 103 миллион сўм, бронза медаль соҳиби Азизбек Мамажоновга 412 миллион сўм, унинг устозига эса 61,8 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланган. Шунингдек, устозларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади.
Сирдарёлик ёшларнинг халқаро майдондаги бундай муваффақиятлари вилоятда иқтидорли ўқувчиларни эрта аниқлаш, уларни фан олимпиадаларига мақсадли тайёрлаш ва педагоглар меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини кўрсатмоқда.
[gallery-30974]
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда мактабгача таълим билан қамров 82,3 фоизга, яъни 71 164 нафар болага етказилди. Олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражаси эса 95,2 фоизни ташкил этди.
Ярим йил давомида 66 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 2 697 та ўрин яратилди. Йил якунига қадар мактабгача таълим қамровини 84,9 фоизга етказиш ва жами 3 070 та янги ўрин яратиш кўзда тутилган.
Бу жараёнлар мактабгача таълимни аҳолига янада яқинлаштириш, болаларни эрта ёшдан сифатли таълим-тарбия билан қамраб олиш ва уларни мактаб таълимига пухта тайёрлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Таълим сифати, аввало, педагогнинг билими, маҳорати ва касбий ёндашувига боғлиқ. Айни пайтда вилоят таълим тизимида 13 461 нафар педагог фаолият юритмоқда. Уларнинг 2 071 нафари олий, 2 928 нафари биринчи, 3 140 нафари иккинчи малака тоифасига эга. 2026 йилда олий ва биринчи тоифали педагоглар сони 5 020 нафарга етказилди. Шунингдек, 21 нафар педагогнинг методик ишлари республика миқёсида оммалаштирилди. Чет тили ўқитувчиларининг 95 фоизи тегишли тил билиш даражасини тасдиқловчи сертификатларга эга экани ҳам соҳага қўйилаётган янги талаблар амалда ўз ифодасини топаётганидан далолатдир.
Форумда педагогнинг мақоми, унинг касбий ривожланиши, малакасини мунтазам ошириб бориши ва илғор тажрибаларни ўзлаштириши таълим сифатини юксалтиришнинг муҳим омили сифатида қайд этилди.
Сирдарёлик ўқувчиларнинг республика ва халқаро миқёсдаги натижалари ҳам таълим тизимидаги ўзгаришларнинг амалий самарасини кўрсатмоқда. 2025/2026 ўқув йилида асосий фан олимпиадаларининг республика босқичида вилоят ўқувчилари 3 та совринли ўринни эгаллашди. Халқаро фан олимпиадаларида эса сирдарёлик ўқувчилар 11 та совринли ўринни қўлга киритишди.
Жорий йил битирувчилари 5 742 та миллий ва халқаро сертификатни қўлга киритишди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб уч баробар кўпдир. Шунингдек, 2026 йилда 318 нафар битирувчи муддатидан олдин талаба бўлди. Улар орасида АҚШ нинг нуфузли университетларига катта миқдордаги грантлар асосида ўқишга қабул қилинган сирдарёлик ёшлар ҳам бор. Бундай натижалар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, уларни мустақил изланишга йўналтириш, иқтидорини рўёбга чиқариш ва халқаро стандартлар асосида тайёрлаш борасидаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади.
2025/2026 ўқув йилида вилоятдаги 310 та мактабда, яъни умумий мактабларнинг 99 фоизида янги баҳолаш тизими жорий этилди. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, 2026 йилда вилоятдаги 44 та мактаб ва 20 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадларга 485,591 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий синф хоналари ва зарур инфратузилмани яратиш ўқувчилар учун муносиб таълим шароитларини таъминлаш билан бир қаторда, педагогларнинг самарали ишлашига ҳам хизмат қилади.
Форум доирасида янги дарсликлар, ўқув-методик материаллар ва синф жиҳозларидан иборат кўргазма ташкил этилди. Иштирокчилар мазкур воситалар билан яқиндан танишиб, улардан таълим жараёнида самарали фойдаланиш бўйича фикр алмашдилар.
Устозлар миллий форумининг муҳим жиҳатларидан бири — педагогларнинг ўзаро тажриба алмашиши, самарали иш усулларини оммалаштириш ва янги ғояларни қўллаб-қувватлаш имкониятидир.
Мулоқотлар давомида ўқитувчилар дарс жараёнида қўллаётган замонавий методлар, таълим-тарбиядаги самарали ёндашувлар, рақамли технологиялардан фойдаланиш, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш тажрибалари ҳамда янги ташаббуслари билан ўртоқлашдилар.
— Бугунги кунда таълим тизимида юз бераётган янгиланишлар, замонавий ўқитиш методикалари, янги авлод дарсликлари ва педагогларга қўйилаётган талаблар ўқитувчилардан доимий изланиш, ўз устида ишлаш ва касбий маҳоратини мунтазам ошириб боришни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Устозлар миллий форумининг аҳамияти катта. Бундай тадбирлар педагогларни бир майдонга жамлаб, таълим соҳасидаги сўнгги ўзгариш ва янгиликларни муҳокама қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзаро фикр алмашиш учун кенг имконият яратади. Энг муҳими, форум доирасида билдирилган фикр ва тавсиялар, ўрганилган илғор тажрибалар келгусида таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этилиб, таълим сифатини янада оширишга хизмат қилади, — дейди Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг таълим-тарбия йўналиши бўйича бўлим бошлиғи Хилола Назарбекова.
Форумда 2026 йилнинг иккинчи ярмида Сирдарё вилояти таълим тизими олдида турган вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, мактабгача таълим қамровини 84,9 фоизга, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушини 40,2 фоизга, миллий ва халқаро сертификатларга эга педагоглар сонини 4 000 нафарга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, 112 та таълим ташкилотини аккредитациядан ўтказиш, 4 200 нафардан ортиқ педагогни аттестациядан ўтказиш ҳамда 1 391 нафар педагогнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
Таълим сифатини янада ошириш, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш самарадорлигини юксалтириш, фан олимпиадаларига тайёргарлик тизимини кучайтириш, хорижий тилларни ўқитиш сифатини яхшилаш, замонавий педагогик технологияларни кенг жорий этиш, рақамли таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш янги ўқув йилидаги устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Тадбирнинг тантанали қисмида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларидан ташкил топган бадиий жамоаларнинг мусиқа, қўшиқ ва рақсдан иборат чиқишлари намойиш этилди. Ёш истеъдод соҳибларининг чиқишлари форум иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб, таълимнинг маънавий-маърифий жиҳатлари ҳам муҳим аҳамиятга эга эканини намоён этди.
Дарҳақиқат, замонавий таълимнинг мақсади фақат ўқувчига билим бериш билан чекланмайди. Асосий вазифа — чуқур билим ва зарур кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ижтимоий фаол, ватанпарвар ва рақобатбардош авлодни тарбиялашдан иборат. Бу эса, биринчи навбатда, ўз касбига садоқатли, янгиликка интилувчан ва ҳар бир ўқувчининг салоҳиятини рўёбга чиқаришга қодир устозларни талаб этади. Шу маънода, “Бешинчи Устозлар миллий форуми” Сирдарё вилояти таълим тизимида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, мавжуд имконият ва вазифаларни муҳокама этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда янги ўқув йили олдидан аниқ мақсадларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Тадбир якунида форумда фаол иштирок этган 262 нафар умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчисига сертификатлар топширилди.
Энг муҳими, форумда янграган фикр ва ғоялар, билдирилган таклифлар ҳамда илғор педагогик тажрибалар янги ўқув йилида таълим муассасалари фаолиятига татбиқ этилиб, ўқувчиларга сифатли таълим бериш, педагоглар салоҳиятини юксалтириш ва Сирдарё таълимини янги марраларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА