Бешариқда 2 минг гектар ер майдони ўзлаштирилди
Фарғона вилоятида фойдаланишдан чиққан ерларни қайта экин майдонларига қўшиш ҳамда янги ерларни ўзлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Фарғона вилоятида фойдаланишдан чиққан ерларни қайта экин майдонларига қўшиш ҳамда янги ерларни ўзлаштириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.
Бу эса ҳозирги пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳозирги кунда 700 гектардан ортиқ ер майдонлари фойдаланишга киритилган бўлиб, боғ ва токзорлар барпо қилинди. Уларнинг қатор ораларига сабзавотлар экиш ишлари якунланмоқда. Хусусан, Бешариқ туманида 2 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерда қудуқлар қазилиб, боғ ва токзор барпо этиш ишлари бошланди.
Ўзлаштирилган янги ерларга Бешариқ туманида 57 гектар тут плантацияси, 107 гектар янги боғ, Қува туманида 103 гектар токзор, 50 гектар янги анорзор, Ўзбекистон туманида 20 гектар боғ, Ёзёвонда 120 гектар ёнғоқ плантациялари ташкил этилди. Мазкур майдонларни ўзлаштириш учун тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан 6,5 миллиард сўм сарфлади.
Бу йилдан бошлаб Қува туманида 50 гектар майдонда гречиха экинини экиш белгиланган. Гречиха таркибида темир моддаси кўп бўлиб, жигар, буйрак, қандли диабет касалликларига жуда ҳам фойдали ҳисобланади. Бундан ташқари, Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғида 30 гектар майдонда чой плантацияси ташкил этилмоқда.
Вилоятда ишсиз қолган аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромад топишлари учун шароитлар яратиб бериш мақсадида 50 сотихдан 3 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилаётир.