Беш йиллик фаолият сарҳисоби ва галдаги режалар
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IX съезди бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг IX съезди бўлиб ўтди.
Унда партиянинг ўтган 5 йил мобайнидаги фаолияти сарҳисоб қилинди, яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган режалар ишлаб чиқилди. Шунингдек, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар атрофлича муҳокама этилди ва кўрилган барча масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Тадбирда ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов сўзга чиқди.

– Шу кунларда партия жорий йилнинг декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида янги форматдаги тарғибот акциялари ташкил қилиняпти, шунингдек, PR-кампания давомида партия ўз ғоя ва мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланяпти. Партия ташкилотлари ходимлари, фаолларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқувлар тизимли равишда ўтказиляпти. Партиямиз жиддий сиёсий имтиҳонга пухта ҳозирлик кўраяпти. Зеро, бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтади. Бу, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар жараёни билан боғлиқдир, – деди А.Ҳайитов.
Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакатимизда яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат беради.
Тадбирда съезд делегатлари томонидан партиянинг 2014 йилда эълон қилинган Сайловолди дастури ижроси натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Сўзга чиққанлар эътироф этганидек, партия давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотларни, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсиб бориши, халқимиз фаровонлиги, юртдошларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган сиёсатни доимо қўллаб-қувватлаяпти.
Кейинги йилларда юртимизда ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланиши, хусусий секторни ҳимоя қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар, кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб боришлари учун мустаҳкам замин яратди. Соҳадаги муваффақиятлар мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлаётганлиги, ялпи ички маҳсулотдаги улуши йилдан- йилга ошиб бориши ва аҳоли турмуши фаровонлашувида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
ЎзЛиДеП мулкдорлар синфи манфаатларини ифодалаш бўйича зиммасига олган вазифаларни тўлиқ бажаришга муваффақ бўлаяпти. Жумладан, партия хусусий бизнес вакилларининг хоҳиш-истаклари акс этган 40 га яқин қонуннинг қабул қилинишида фаол иштирок этди.
– Ўтган беш йил давомида парламентдаги партиямиз фракцияси аъзолари 90 га яқин қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Атҳам Шодмонов. – Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жами 427 депутатлик сўрови юборилди, шундан 340 тасига жавоб олинди. Партия фракцияси ташаббуси билан жами 6 марта "Ҳукумат соати" ўтказилди ва бир қатор вазирликлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.
Халқ билан бирга бўлиш, муаммоларини ечиш, айниқса, тадбиркор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўтган йиллар давомида депутатлик гуруҳлари томонидан 11 минг 57 маротаба эшитувлар, 44 минг 35 депутатлик сўрови, 2 минг 290 назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилди. Маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссияларига 5 мингга яқин таклиф киритилди.
Ҳисобот даврида бошланғич партия ташкилотлари ва партия аъзоларининг ўсиши, уларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ҳозирда партия аъзоларининг сони 754 мингдан ортди.

Тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айланди. Шу боис, ўтган икки йил давомида партия ҳудудий кенгашлари ва депутатлик гуруҳларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур жараёнда қарийб 180 мингта хонадонга кириб борилди ва юз минглаб инсонлар, тадбиркор ва фермерлар билан бевосита мулоқотга киришилди.
– Жорий йилнинг 9 ойида 266 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди, – дейди партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда Хўжаева. – Шундан 50 фоизи тадбиркорларимиз янги фирма ва корхоналар ташкил этиши ҳисобидан яратилди. Тадбиркорлик, кичик бизнес, инвестицион муҳит яратиш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш мақсадида ташкил этилган партиявий лойиҳалар, очиқ мулоқотлар натижасида мингга яқин хотин-қизлар, ёшлар ўз бизнесларини йўлга қўйишди ва бу орқали 10 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Бугун ишсиз деб қаралаётган фуқаролар билан суҳбатда ҳақиқатдан иш берувчининг талабига яраша малакага эга бўлмаганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Шу мақсадда иш излаётган фуқароларни касбга йўналтириш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришимиз лозим.
Йиғилишда партиянинг янгиланган дастури ва Сайловолди дастури съезд иштирокчилари томонидан кенг муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, партиянинг сиёсий платформаси Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган бўлиб, бешта йўналишни қамраб олган.
– Бу сафарги Сайловолди дастуримиз ҳаётийлиги билан ажралиб туради, – деди депутат Расул Кушербоев. – Партия Сайловолди дастурининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналиши энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланиб, келгуси беш йилда амалга ошириладиган қатор устувор вазифаларни белгилаб олмоқда. Бу борада партия кучи билан нималарга эътибор қаратсак мақсадга мувофиқ бўлади? Биринчидан, тадбиркорларни ўйлантириб турган ёки инвестицион жозибадорликни ошириш йўлида тўсиқ бўлиб турган бир қатор муаммоларни ҳал қилиш керак. Энг муаммоли масалалардан бири – хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш. Афсуски, қонунчиликда бу масала тўла-тўкис ўз ечимини топмаяпти. Яқинда интернет сайтларимизнинг бирида Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчимиз билан суҳбатни кўриб қолдим. Унда туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга инвестиция киритишга иккиланаяпти, деган масала ўртага ташланди. Нима учун? Чунки ҳокимлар ёки уларнинг масъуллари туркиялик инвесторлар билан гаплашганда уларга ваъдалар бераяпти. Сиз бораверинг, биз сизга хоҳлаган объектни, хоҳлаган жойни берамиз, деб уларга ваъда бераяпти. Инвесторларда эса агар бизга хоҳлаган объектни берса, кун келиб бошқа инвесторга ҳам бизнинг жойимизни бериши мумкин, қани бу ерда қонун устуворлиги, деган фикр пайдо бўлаяпти. Шу жиҳатдан инвестиция жозибадорлигига эришишнинг энг асосий принципи – бу қонун устуворлиги. Биз бунга алоҳида аҳамият беришимиз лозим.
Партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, "Бизнесни юритиш", глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, етакчи халқаро ва хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган.
Аҳамиятлиси, шу кунга қадар тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи юзлаб қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Партия миллий қонунчилигимиз ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳаллий тадбиркорлар ва инвесторлар учун тушунарли бўлган ягона Инвестиция ва Тадбиркорлик кодексларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сурмоқда.
Партия сиёсий платформасида ўз аксини топаётган масалалардан бири 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишдир. Айни соҳадаги муҳим йўналиш Ўзбекистонни жозибали жаҳон туризми марказига айлантириш, мамлакатни дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган 30 давлат қаторига киритишдан иборат.
Партия қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва жадал ривожлантириш борасида ҳам истиқболли вазифаларни белгилаб олмоқда. Уларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2035 йилгача 4 баравар ошириш, фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликлари экин майдонлари самарадорлигини таъминлаш имконини беради.
Қишлоқ аҳолиси ўртасида “Томорқа ер участкаси – қўшимча даромад манбаи!” шиорини кенг тарғиб қилиш, агросаноат тизимига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ер эгаларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам партиянинг кейинги беш йилликка мўлжалланган режаларидан ўрин олган.
Съездда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида фаол иштирок этиш масалалари муҳокама қилинди, делегатлар томонидан партиянинг Сайловолди дастури тасдиқлаб олинди. Шунингдек, партиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 150 номзод кўрсатилди.
Съезд якунида журналистлар, блогерлар иштирокида брифинг ташкил этилди.