Беш ташаббус ёшларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда
Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, уларнинг мусиқа, спорт, адабиёт ва санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш, китобхонлик ҳамда соғлом турмуш тарзини доимий равишда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактабларида ташкил этилган тасвирий санъат, мусиқа, спорт, ахборот технологиялари, қизларга касб ўргатиш йўналишидаги тўгараклар ва китобхонлик клубларига 3 миллион 900 минг нафар ўқувчи қатнамоқда.
Бундан ташқари, 2 минг 108 та мактабда ҳаваскор ёшлар театр-студиялари ташкил этилиб, унга 224 минг нафар ўқувчи жалб этилди. Мазкур студиялар учун 16 та, жумладан, “Сариқ девни миниб”, “Жалолиддин тулпори”, “Қалдирғоч билан майна”, “Тилла туёқли оҳу”, “Алпомишнинг болалиги” “15 ёшли капитан”, “Меҳробдан чаён”, “Алишернинг ёшлиги”, “Онамнинг эртаклари”, “Падаркуш”, “Робот бола”, “Қисқа масаллар”, “Юрт соғинчи” ҳамда “Замонавийлик иллати” каби театрлаштирилган томоша сценарийлари ишлаб чиқилди.

Мактабларда спортнинг 10 тури – баскетбол, волейбол, футбол, гандбол, енгил атлетика, шахмат, бадиий гимнастика, стол тенниси, кураш ва дзюдо бўйича қарийб 49 минг 200 та спорт секцияси ташкил этилиб, секцияларга 1 миллион 200 минг нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.
Шу билан бирга, аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш, дарсдан ташқари вақтларда маҳаллалардаги 18-30 ёшдаги ўқувчи-ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш мақсадида 352 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшларга умумтаълим мактаблари спорт залларида шуғулланишлари учун шароитлар яратилди.
Ўқувчиларни замонавий касбларга тайёрлаш мақсадида 20 та “Баркамол авлод” болалар мактабида робототехника ва мехатроника, дастурлаш бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун 17 номдаги таълимий компьютер ўйинлари жорий этилди. IT йўналишидаги 14 минг 765 та тўгаракларга 510 минг нафар ўқувчи қамраб олинди.

Ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни ривожлантириш мақсадида мактаб кутубхоналари 3 миллион дона бадиий адабиёт билан таъминланди. Ўқувчиларни интернет тармоғи орқали китоб мутолаасига қизиқтириш бўйича kitob.uz сайти фаолияти ташкил этилиб, ушбу порталга бадиий адабиётларнинг 5 мингдан зиёд электрон шакллари жойлаштирилди.
Ҳозирда сайтдан бир кунда ўртача 11-12 минг нафар ўқувчи-ёшлар фойдаланмоқда. Бундан ташқари, 100 номдаги ўзбек мумтоз ва замонавий ҳамда жаҳон адабиёти намуналарининг аудио китоб шаклдаги вариантлари яратилди.

Ўқувчи-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, касб-ҳунарга ўргатиш ва оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсадида умумтаълим муассасаларида “Қизларжон”, “Ораста қизлар”, “Моҳир қўллар” тўгараклари ташкил этилди.
Ўқувчилар ўртасида турли танловлар, фестиваль ва мусобақалар ташкил этиш орқали ўзаро дўстлик ва ҳамфикрлик ғояларини шакллантириш, жамоа бўлиб ишлаш қобилиятини шакллантириш мақсадида 20 дан ортиқ “5 ташаббус мактабда”, “5 ташаббус Наврўзда”, “5 ташаббус таътилда” фестиваллари, “Sport & Dance challenge” каби онлайн танловлар ташкил этилди.
Ёшларни тўғри тарбиялаш, ҳаётда муносиб ўрин топишлари учун уларга пухта билим бериш, турли соҳаларга қизиқтириш ғоят муҳим ўрин тутади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА